Меню

Қашқадарё

30.08.2018 1740

КЎЗЛАРГА ТЎТИЁ МАСКАН

Мустақиллик шарофати ила юртимизда муқаддас ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятларимиз, масжид ва мадрасалар бинолари, нодир тарихий обидалар, осори атиқалар қайта тикланди. Шу юрт озодлиги учун жон фидо қилган, бир сиқим муқаддас тупроғини кўзига тўтиё қилган буюк аждодларимиз  номлари қайтди, улар фаолияти, маънавий мероси, асарлари ўрганила бошланди.

Чунончи, Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам.

 “Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади.  Улуғ зотлардан бири “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, деб таърифлаган.

Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир”      дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя.  Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни имоннинг бир бўлаги деб қарайди. Машҳур саҳобалардан Билол розияллоҳу анҳу Мадинага кўчиб борганларида, азиз ва муқаддас диёрини эслаб, соғиниб шеърлар ўқир эди. Бу ҳам, албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини билдиради.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб р.а. “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”, деганлар.

Бутун мусулмон оламига диний билимларни ўргатиб келган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Мўъийн ан-Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: “Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”, дея ноиложликдан кўчиб кетаётганларини изҳор қилганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий  шундай деганлар:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама.

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур  ҳаёти ҳам Ватан қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик давлатларидан бирининг ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи уфуриб туради.

Келтирилган ҳадис ва ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғу, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Ватан - муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ҳадисларда келтирилишича, Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:“Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Тарихдан маълумки, юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай жасорат эгаси эканлигига ёрқин мисол бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси юртга мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари     Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро  босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётганда шаҳид бўлади. Ул зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга  муваффақ бўлишади. Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бу улуғ макон, истиқлол неъматининг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Шундагина барчамиз Аллоҳ ато этган истиқлол неъматига чинакам шукур қилгувчи инсон ҳамда чин ватанпарварлардан бўламиз.  

Муҳаммади Қораев,

          Қарши шаҳридаги Қумқишлоқ  жомеъ масжиди имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!