Меню
Қашқадарё
КЎЗЛАРДА БАХТ УЧҚУНИ, ТИЛЛАРДА МАМНУНЛИК
Яна бир жиҳат борки, бугун у нафақат шу қишлоқ одамлари, балки бутун туман аҳлининг фахр-ифтихор, шодонлик туйишига сабаб бўлмоқда. Бу ерда мамлакатимизнинг энг йирик саноат гигантларидан бири – Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи жойлашган. Ўз имкониятларига кўра, дунёда етакчилардан ҳисобланган, юртимиз кимё саноати салоҳиятини кўз-кўз этувчи бу объект ҳудуд иқтисодий ривожи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
- Корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 600 минг тонна калий ўғитини ташкил этади, - дейди завод раҳбари Ҳамидилла Шерматов. – Асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатиладиган ушбу маҳсулотимизга жаҳон бозорида талаб юқори. Шу боис экспорт географияси йилдан-йилга кенгайиши кузатилаяпти. Ҳозирги кунда Хитой, Малайзия, Сингапур, БАА, Ҳиндистон, Вьетнам, Арманистон, Молдова, Туркия, Ангола ва Украина каби мамлакатлар маҳсулотимизга асосий харидор саналади. Жорий йилнинг 1 август ҳолатида қиймати қарийб 16,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги калий ўғитини экспортга йўналтирилган. Бу ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 90 фоиздан ортиғи хорижга чиқарилаётганини англатади. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 30 миллион АҚШ долларидан ошириш кўзланган. Шунингдек, 2017 йилда ички бозорга 60 минг тонна калий ўғити етказиб бериш режалаштирилган. Эътиборлиси, корхонамизда маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб борилаяпти. Бунинг самарасида жорий йилнинг 7 ойи давомида таннархни деярли 20 фоизга пасайтиришга эришилди. Мўлжалимиз – йил якунига қадар бу рақамни 40 фоизга етказиш. Ҳозирги кунда тоғ-кон мажмуасидан қайта ишлаш мажмуасига сильвинит хомашёсини ташиш имконини берувчи осма канат йўли қурилиши ишлари давом эттирилмоқда. Бу тадбир ҳам ишлаб чиқаришга кетадиган харажатларни сезиларли қисқартириш борасида муҳим аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, Тепақўтон калийли тузлар кони негизида барпо этилган мазкур саноат корхонасида 1900 нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксариятини деҳқонободликлар ташкил этади. Завод тумандаги кўпчилик оилалар учун мустаҳкам даромад манбаи яратиб, уларнинг рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлишига хизмат қилаяпти.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида заводда ўтказилган байрам тадбирларида ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳудуд одамлари кундалик турмушида намоён бўлаётган ўзгаришлар мисолида таъкидлаб ўтилди. Халқ хўжалигининг барча жабҳаларида қўлга киритилаётган ютуқлар замирида “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ”, “Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият” каби эзгу даъват ва ғоялар мужассам экани мамнуният билан тилга олинди. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи раҳбарияти, туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу улуғ айёмда туман аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари, корхона ишчи-хизматчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Қайд этиш жоизки, байрам барча учун бирдек мароқли, хушвақт ўтишига асосий эътибор қаратилди, бунинг учун барча саъй-ҳаракатлар кўрилди. Хайр-саховат, меҳр-мурувват ифодасига айланган тадбирларда имконияти чекланган, эҳтиёжманд, ёш оилаларга кўмак кўрсатилди, уларга олам-олам хурсандчилик улашилди.
Завод яқинидаги Чучукқудуқ қишлоғида 2,5 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Уларнинг асосий тирикчилиги чорвачилик ортидан. Шунингдек, 100 нафарга яқин чучукқудуқлик мазкур саноат корхонасида ишлаб, рўзғор тебратади. Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Наргиза Дўланова учун ўша кун унутилмас сана бўлиб қолди, десак хато бўлмайди. Унинг хонадонида қишлоқнинг кўплаб одамлари жам бўлди. Куй-қўшиқлар янграб, халққа ош берилди. Бунга сабаб, анча вақт ночор аҳволда, боқувчисисиз кун кечириб келган аёлнинг орзуси ушалди. Фуқарога 3 хонали уй янгидан қуриб берилди, у 2 бош эчки ва яна шунча қўй, 10 та товуқли бўлди. Замонавий тикув машинаси билан таъминланди.
- Энди мен икки фарзандимни бемалол тарбиялаб, вояга етказа оламан, - дейди аёл. – Чунки бошимда бошпанам бор. Бундан ташқари, доимий иш ўрнига, фойдали машғулотга эга бўлдим. Касаначилик асосида ишга ёлландим. Менинг номимга меҳнат дафтарчаси очилди. Тикувчиликни яхшилаб ўрганиб, завод буюртмаси асосида махсус иш кийимлари тайёрлашни бошлайман. Давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликдан жуда хурсандман. Байрам шукуҳи бизга ҳам татийдиган бўлди.
Маълумки, юксак касб маҳоратига эга, билимли ва интилувчан ёшлар буюк келажакни барпо этишга қодир. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўсишида ҳам шундай илғор ёшларнинг ҳиссаси салмоқли бўлаяпти. Айни пайтда корхона ишчи-хизматчиларининг қарийб 32 фоизини ёш мутахассислар ташкил этаётгани ютуқлар бардавом бўлишини таъминламоқда. Шуларни эътиборга олиб, завод раҳбарияти ёшларни, уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратмоқда. Тадбир давомида яқинда қуриб битказилган, зарур қулайликларга эга ётоқхонанинг очилиш маросими ўтказилиб, бир гуруҳ ёш оилаларга хоналарнинг калитлари топширилгани бунинг тасдиғидир.
- 2014 йилда коллежни тамомлаб, заводга ишга киргандим, - дейди Бобоназар Расулов. – Ўтган йили уйландим, рафиқам ҳам шу корхонада оператор бўлиб ишлайди. Заводга 80 километр узоқдан қатнардим. Бу бизга ноқулайлик туғдирарди. Ортиқча харажат қилишга тўғри келарди. Янги ётоқхонадан биз ҳам хона олдик. Асосийси, ишхонага яқин. Оилам ҳам ёнимда бўлади. Кўрсатилган эътибордан ғоят мамнунмиз.
Шундан сўнг корхона мажлислар залида тумандаги эҳтиёжманд оилаларнинг 20 нафар фарзандига мактаб формалари ва зарур ўқув қуроллари жамланмаси берилди. Гулсанам Одинаева ҳам ана шундай совға олган болалардан биридир. У бу йил 3-синфга чиқади. Қизчанинг қувончи юз-кўзидан маълум. Мактабда аъло баҳоларга ўқишга ваъда беради. Мақсади – келгусида шифокор бўлиш.
Чексиз бахт учқунлари ҳомийлик ёрдами асосида суннат тўйлари ўтказиб берилган 10 нафар бола ҳамда оила қўрғонига илк қадам қўйган, корхонада ишлаб келаётган 7 жуфт келин-куёвнинг кўзларида ҳам балқ этиб турди. Ночор оилалар фарзандлари бўлган тўйболаларнинг ҳар бирига банкда омонат дафтарчалари очилиб, 500 минг сўмдан берилди. Ҳар бир ёш оилага ҳам янги телевизор ва 1 миллион сўм пули бўлган омонат дафтарчалари тақдим этилди. 2 нафар имконияти чекланган хотин-қизга эса ногиронлик аравачаси, янги тикув машинаси топширилди. Шу йили коллежни тамомлаган 10 нафар ёш корхонага ишга қабул қилингани ҳақидаги сертификатларни олди.
Тадбир сўнгида театрлаштирилган байрам дастури намойиш этилди. Унда сўз олганлар халқимиз ўтган даврда ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, ушбу фурсатда кўплаб ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришилгани, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу ҳужжатлар аҳоли ҳаётини янада фаровон қилишга қаратилгани билан аҳамиятли эканини билдиришди.
Таниқли санъаткорлар, сўз усталари иштирокида ўтказилган бадиий қисм байрам кечасига ўзгача шукуҳ бахш этди. Қувноқ куй-қўшиқлар ўйин-кулгига уланди.
Бу каби тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.
М.ШУҲРАТОВ
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.