Меню

Қашқадарё

22.12.2020 1972

Кўз операцияси 10 дақиқа давом этди...

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Воҳид Розукулов иштирокида вилоят кўз касалликлари шифохонасида навбатдаги маҳорат дарси сифатидаги жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Шу куни шифохонадаги замонавий факоэмульсификатор ускунаси ёрдамида 9 беморнинг кўзларига зиё бағишланган бўлса, жарроҳлик амалиётларидан 2 таси имтиёзли тарзда амалга оширилди. 12 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди.

“Чап кўзимда катаракта бор эди. Операция ўн дақиқа давом этди, холос. Яна шу куннинг ўзида уйимга ҳам рухсат беришди”, дейди Қарши шаҳрилик 60 ёшли бемор Зокир Самадов.

Айтиш ўринли, Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Қашқадарёдаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига 6 ой муддат давомида республиканинг нуфузли тиббиёт марказларидан юқори илмий салоҳиятга эга малакали мутахассислар бириктирилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан маълум қилишларича, Воҳид Розукулов Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасига масъул этиб белгиланган бўлиб, у тиббиёт бирлашмасидаги ташкилий тадбирлар билан бирга, вилоятдаги кўз шифокорларига мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришда кўмак бермоқда. Шифокорнинг вилоятдаги фаолияти давомида ҳафтанинг жума ва шанба кунларида вилоят кўз касалликлари шифохонасида юқоридаги сингари тадбирлар амалга оширилади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!