Меню
Қашқадарё
КЎПРИКНИНГ ТОМИ КЕТИБ ҚОЛДИ
Ёдингизда бўлса, 2018 йилда Қарши шаҳридаги Хонобод кўчасининг Ислом Каримов кўчасига туташ қисмида замонавий инфратузилма иншооти - воҳадаги илк ер усти пиёдалар ўтиш йўли қуриб фойдаланишга топширилган эди.
Узунлиги 36, эни 4, баландлиги 4,5 метрни ташкил этадиган, барча қулайликларга эга ер усти пиёдалар ўтиш йўлини бунёд этишга жуда қисқа муддат - 3 ой вақт кифоя қилган, кўприк атрофи ҳам ободонлаштирилиб, зарур коммуникация тармоқлари бунёд этилган, ушбу қурилиш ишларига маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 1 миллиард 700 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган эди.
Ўшангача кўпчилик "Орзу" бозорига ўтиб-қайтишда йўлни тўғри келган жойдан кесиб ўтаверар, йўл чеккаларида одам ташийдиган "Дамас"лар тўпланиб турар, хуллас, ҳаракат хавфсизлигига зид бир манзара ҳукмрон эди. Янги кўприк кўп муаммоларни аритди, ҳаракатни анча тартибга солди.
Хўш, буни нега эслаяпмиз? Гап шундаки, бир неча кун олдин шу кўприкнинг томи кетиб қолди. Қаерга кетди, ким ё нима олиб кетди, буниси бизга қоронғи. Айни манзара замонавий иншоотга сира ярашмай турибди-да, шуни айтмоқчимиз.
Дарвоқе, фойдаланишга топширилганига ҳали 2 йил бўлмаёқ томи кетиб қоладиган иншоотни олдинда яна қандай "синов"лар кутаяпти, буниси Худога аён. Фақат бир ҳадигимиз бор, у ҳам бўлса, муаммоларнинг илдизи кўприкнинг жуда қисқа муддатда фойдаланишга топширилганида эмасмикан ишқилиб?! Биринчи "сигнал" шунга далолат бераётгандек...
Н.ХЎЖАЕВ
БОБУРБЕК олган сурат.