Меню

Қашқадарё

14.02.2017 2106

“КЎПДИН БЕРИКИМ, ЁРУ ДИЁРИМ ЙЎҚТУР”

Ана шу ижодкорлар ичида, айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий мероси халқимиз тарихий маънавиятининг энг улкан бойлигига айланди.  Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини инглиз тилига таржима қилган Уильям Эрскин “Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатдан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ    топилмайди”, дея қайд этган.

Тан олиш керакки, Бобур юқорида номлари санаб ўтилган ижодкор давлат бошлиқлари ичида энг мураккаб даврда яшаб ўтгани ҳисобланади. Муттасил тож ва тахт учун курашлар, темурий шаҳзодалар орасида авж олган ички зиддиятлар, оғир жанглар, мағлубият аламларию, мусофирлик изтироблари ҳали ёш Бобур учун жуда оғир эди. Аммо унинг иродаси буларнинг барчасини енгиб чиқа олди. У ана шундай оғир вазиятларда ҳам ижодга вақт топди, ғазаллар, рубоийлар ёзди, умрини “Бобурнома”дек тарихий мемуар асарга ёзиб муҳрлади, тилшунослик ва адабиётнинг меъёрий мезонлари билан шуғулланди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Бобур ҳаёти зиддиятларга бой ўтган. Бу жиҳат унинг ижодида ҳам кўзга ташланади. Унинг ўз таъбири билан айтганда, ғурбатда ғариблик, дарбадар ҳаёт, ватан соғинчи, дўсту биродарларни қўмсаш шикоятлари ғазал ва рубоийларида ҳам намоён бўлади:

Даврон мени ўткарди сару сомондин,

Ойирди мени бир йўли хонумондин.

Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,

Неларки, бошимга келмади даврондин,

дея ўз тақдиридан нолиб ёзади у. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Бобур ҳаёти ҳақидаги маълумотлар шоирнинг “Бобурнома” асарида тўлиқлигича берилган. Бобур ушбу асарда муҳожирликда ўзининг кам сонли кишилари билан чеккан азоблари ҳақида ёзар экан,

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси  қолдиму?!

Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?!

деган ғазали шундай қийин вазиятда битилганини айтади.

Бобур Ҳиндистонни эгаллагандан сўнгги давр унинг бироз жони тинчиган вақт бўлди, дея айтиш мумкин. Лекин энди унинг жонига ватан соғинчи, мусофирлик дарди оғриқ берар эди. Шу боис ватандан айро бўлган кишининг изтироблари акс этган энг нодир ғазал ва рубоийлар ана шу диёр тупроғида битилган.

Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,

Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.

Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,

Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур,

дея ватандан айролиқда яшашга маҳкум эканлигидан, ўз ватанига ўз хоҳиши билан бора олмаслигидан куюниб ёзади.

Хуллас, Бобур ижоди билан танишган киши унинг ватанига, туғилган тупроғига қанчалик меҳри баланд бўлганлигини билиб олади. У Ҳиндистонга боргандан сўнг ҳеч қандай ҳукмдордан кам бўлгани йўқ. Тагида тахт, бошида тож, ихтиёрида улкан салтанат. Ана шундай вазиятда дабдаба билан ҳаёт кечириши, ўз ватанини умуман унутиб юбориши ҳам мумкин эди. Лекин Бобур бундай қилолмади. Шунинг учун у Ҳиндистоннинг гўзал табиат манзараларига қараб Андижоннинг зилол булоқларини эслайди, ўкинади. Ҳиндистоннинг илиқ ҳавосини симираётганда, ўз юртининг ҳатто қаҳратон совуқларини қўмсаб, соғиниб яшайди. Лекин у ҳеч қачон бу юртни ёмон, демайди. Бу ўлканинг ҳам, унинг одамларининг ҳам бирор жиҳатини қора қилиб кўрсатмайди.

Юз шукур де, Бобурки, карими ғаффор,

Берди санга Синду Ҳинду мулки бисёр,

дея шукрона келтиради.

Алқисса, Бобур қалбидаги ватан соғинчи бизга она юрт тупроғи нечоғлик буюк эканлигини англатиб, бонг уриб туради.

ЖАҲОНГИР

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!