Меню
Қашқадарё
КЎП БОЛАЛИ ОИЛА ҚАНДАЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ?
Билиб қўйган яхши
Жорий йил 5 октябрда Президент томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан Оила кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган болалари бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади.
Бунда, агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила саналади.
Қонунчиликка кўра, давлат кўп болали оилаларга қуйидаги имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди:
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган кўп болали оилалар кўп квартирали уйлардан имтиёзли кредитлар асосида уй-жой олиши;
уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари ҳамда хотин-қизларга ажратиладиган арзон уй-жойлардан уй (квартира) олиши мумкин.
Шунингдек, кўп болали оилаларга тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан молиявий ёрдамлар кўрсатилади.
Кўп болали оилаларнинг иқтидорли фарзандлари Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий кенгашлар қарори билан қуйидагиларни амалга ошириш орқали моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади:
замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш;
асосий турдаги ўқув қуроллари билан таъминлаш;
бадиий китоблар билан таъминлаш;
болалар газета ва журналларига обуна қилиш;
республика оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш;
республика бўйлаб саёҳатга бориш ва келиш харажатларини қоплаш.
Кўп болали ота-оналар учун иш ўринларининг энг кам сони туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан белгиланади, шунингдек, ташкилотлар томонидан захирага қўйилади.
Бунда, ажратиладиган иш ўрни болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи мослашувчан жадвалга эга бўлиши инобатга олинади.
Кўп болали оилаларнинг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишда имтиёзли рўйхатга киритилади.
Уй хўжалигида қорамол боқиш учун шароит ва имкониятлари, шу жумладан, ер участкаси мавжуд кўп болали оилаларга бепул қорамол берилиши мумкин.
Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинган.
lex.uz маълумоти асосида тайёрланди.