Меню

Қашқадарё

05.10.2021 1712

КЎП ҚАВАТЛИ УЙ-ЖОЙЛАР КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНАЯПТИ?

Матбуот анжумани

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарияти иштирокида  матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда жорий йилда вилоят ҳудудидаги кўп қаватли уй-жойлар фондини таъмирлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумот берилди.

-  Бугунги кунда вилоятда 2027 та кўп қаватли уй мавжуд, - дейди бошқарма бошлиғи Улуғбек Эрназаров. – Ушбу уйларга  21 та бошқарув компанияси ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатиб келмоқда. Жорий йилда ҳудуддаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва ёндош ҳудудларини ободонлаштириш учун тегишли дастур тасдиқланиб, унинг доирасидаги ишларни амалга ошириш учун 17 миллиард 789 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган эди. Айни пайтга қадар ушбу маблағларнинг 58 фоизи ажратилиб,  136 та кўп қаватли уй жорий ва мукаммал таъмирланган, уларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилган. Ишлар давом этмоқда.

Бошқарма бошлиғининг қўшимча қилишича, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида ҳам жорий йилда Қарши шаҳрининг Арабхона, Шаҳрисабз шаҳрининг Турон, Ғузор туманининг Пачкамар ҳамда Нишон туманининг Каптарли ва Абдулла Қодирий маҳаллалари ҳудудидаги 15 та кўп қаватли уйнинг том қисмларини мукаммал, кириш йўлакларини жорий таъмирлаб, ташқи фасадини янгилаш, шунингдек, айрим уйларнинг олд йўлакларини қуриш, ёритиш чироқлари, “подъезд”ларига эшик, ромларига ойна ўрнатиш ва битта уй олдида болалар майдончасини барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар бу ишларнинг асосий қисми амалга оширилган. Қолган қисми давом эттирилмоқда.

-  Натижада ушбу уйлардаги кўплаб муаммолар бартараф этилиб, у ерда яшовчи кишилар, айниқса, куз-қиш мавсумини бехавотир ўтказиши мумкин бўлади, - дейди Улуғбек Эрназаров.

Матбуот анжуманида, шунингдек, вилоятдаги кўп қаватли уйларга куз-қиш мавсумида иссиқлик етказиб бериш, бу борада амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, тизимдаги муаммо ва камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан жавоб қайтарилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!