Меню
Қашқадарё
“КЎНГИЛ ОВЧИЛАРИ” – ОГОҲЛИККА ЧОРЛОВЧИ АСАР
Саҳна асарида юрт тинчлиги, аҳоли хотиржамлиги, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи иллат – миссионерликнинг манфур мақсадлари хусусида сўз юритилади. Хусусан, “Иегова шоҳидлари” диний сектасига аъзо бўлган бир оиланинг аянчли тақдири ҳар бир кишини чуқур мушоҳадага чорлайди.
Маълумки, Европа парламенти 172 та энг хавфли диний ҳаракатлар рўйхатини эълон қилганда, бу рўйхатда “Иегова шоҳидлари” сектаси биринчи ўринни эгаллаган. Бунинг хайрон қоларли жойи йўқ. Чунки иеговачилар бугун бутун башариятга ўз таҳдидини очиқчасига намоён қилмоқда.
Хусусан, уларнинг “таълимоти”га биноан давлат рамзларини ҳурмат қилиш, миллий байрам ва тантаналарни нишонлаш мумкин эмас. Сайловларда иштирок этиш, қўшни билан дўст бўлиш, донорлик хизматидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Шу қаторда ҳарбий хизматни ўташга ҳам рухсат берилмайди. Улар ўз ғаразли мақсадларига эришишда барча воситаларни қўллайди. Жумладан, ҳаётда қийналган, жамиятда ўрнини тополмаётган кишиларни алдаш ва ишонтириш орқали аъзоликка қабул қиладилар. Ўз ғояларини тарғиб қилишда махсус адабиётлар, аудио-видео материалларни маҳаллий тилларда тайёрлаш ва бепул тарқатиш, тўгараклар ташкил қилиш ва мусобақалар уюштириш каби масалаларга эътибор қаратишади. Бир сўз билан айтганда, уларни “кўнгил овчилари” деб аташ мумкин. Уларнинг тузоғига тушган киши эса охир-оқибатда хору зорликка юз тутади. Буни академик лицей ўқувчилари ўзига хос талқинда кўрсатишдики, ижро маҳорати ва муаммога ёндашув томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
- Сўнгги пайтларда диний секталар томонидан ёшлар орасида тарғибот ишларини олиб боришга интилиш кучли намоён бўлмоқда, - дейди “Нуристон” академик лицейи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сарвар Аҳмедов. – Спектаклда ёт ғояларнинг асл моҳиятини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Тақдимот тўрт кун бўлиб ўтди, бунда кўплаб ёшлар қамраб олинди. Ўйлаймизки, ўғил-қизларимиз қандай буюк зотларнинг давомчилари эканини, маънавий меросни асраш ҳар бир кишининг бурчи ва эртанги кун уларга боғлиқлигини маълум маънода ҳис қилишди, англашди.
Спектакль сўнгида мутахассислар, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Юртимиз тинчлиги, турмушимиз фаровонлигига соя соладиган ҳар қандай иллатга қарши билим, маънавият билан жавоб қайтариш муҳимлиги эътироф этилди.
Н.ХЎЖАЕВ