Меню

Қашқадарё

13.11.2018 1537

КЎНГИЛ КЎЗГА АЙЛАНСА...

Президентимизнинг 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада янада кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратиб бергани билан аҳамиятли бўлди.

- Қарор ижросига асосан жамиятимизга қарашли корхоналар ўрганиб чиқилиб, улар фаолиятини яхшилаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди, - дейди вилоят кўзи ожизлар жамияти раиси Ҳақназар Пўлатов. – Шунга мувофиқ учта корхонага бино ва иншоотлар ажратиш, бўш турган бино ва ер участкаларидан унумли фойдаланиш чоралари кўрилди. Ҳозирда  “Косон ўқув ишлаб чиқариш корхонаси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ҳудудда мини футбол майдончаси  қурилиб, фойдаланишга топширилди. Иссиқхона барпо этилди.

Маълумотларга кўра, аксарият ривожланган мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахслар давлат томонидан зарур миқдорда пенсия билан таъминланиб, улар учун махсус корхоналар ташкил этиш ва ижтимоий заиф қатлам вакилларини меҳнатга жалб қилиш масалалари у қадар долзарб аҳамият касб этмайди. Бизда эса ногиронлиги бўлган шахсларни ўз хоҳиш-истаклари ва имкониятларига мувофиқ равишда ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш тизими йўлга қўйилган.

- Жамиятимиз аъзолари турли жабҳаларда ўз иқтидорларини намоён этиш имкониятига эга бўлмоқдалар, - дейди Ҳақназар Пўлатов. - Жумладан, ишлаб чиқариш, олий таълим, санъат соҳасида ўз ўрнини топганлар сони кўп ва уларнинг иродаси барчага  ибрат бўлади, десак арзийди.

Глобаллашув даврида жисмоний имконияти чекланган шахсларга компьютер саводхонлигини ўргатиш, улар ҳаётини ахборот технологиялари билан боғлаш бўйича ҳам бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви ва Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти томонидан жамиятга компьютер жамланмалари тақдим қилинди. Хоҳловчилар учун компьютер дарслари ўтилмоқда, “Қарши шаҳрида кўзи ожизлар учун спорт клубини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида эса 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси қошида коллеж, академик лицей ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган кўриш имконияти чекланган болаларга махсус тренер ёрдамида машғулотлар олиб борилаяпти. 

- Вилоят кўзи ожизлар жамиятида фаол, ҳар ишда ўрнак аъзолар учун имтиёзлар яратилган, - дея сўзида давом этади Ҳақназар Пўлатов. - Жумладан, жамият аъзолари ҳар йили навбати билан Товоқсой, Олтиариқ, Маржонсув, Нуроний,  республика юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳларига бепул йўлланма асосида дам олишга юборилади. Энг қувонарлиси, кам таъминланган олти кишига уй совға қилинди, етти кишига арзонлаштирилган уй, икки кишига ер участкаси берилди. 8 нафар кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахс имтиёзли кредит асосида кўп қаватли уйлар квартираларига эга бўлишди.

- Бу йил биз учун жуда қувончли келди,  - дейди жамият аъзоси Мансур Рўзиев. - Ўз уйимизга эга бўлдик. Барча шароитлар муҳайё. Мен каби эҳтиёжмандларга эътибор бераётган давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиздан миннатдорман.

Дарҳақиқат, Яратган берган синовни ирода, ўзига, нурли кунларга бўлган ишонч билан енгиб ўтаётган инсонлар тақдирини кузатиб, уларнинг ўз турмуши, кечмишидан миннатдорликларига гувоҳ бўлар эканмиз, шукур ва сабр бор жойда барака бўлишига ишонч юксалади.

Ш.БОЗОРОВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!