Меню

Қашқадарё

01.09.2016 2375

КЎҲНА НАСАФ ГАВҲАРИ

Хўш, у қачон қурилди? Қачон бузилди? Қачон тикланди? Бу саволларга холис нигоҳ билан боқиб жавоб айтган маъқул. Акс ҳолда унинг бугунги қиёфа ва таровати  моҳиятини яхши ҳис этмаган, холис баҳоламаган бўламиз.

Муҳтарам Юртбошимиз бу қадимий кўприкни “Амир Темур кўприги” деб атадилар. Зотан, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки кўприк аввало мамлакат ободлиги, халқ фаровонлиги учун қурилади. Соҳибқирон Амир Темурдан олдин қайси юртпарвар идора қилган эди бу дилпора юртни? Арабларми? Мўғулларми? Эҳтимол, кичик юртпарварлар бўлса бордир, лекин уларнинг қайсида бундай кўприк қуриш қудрати бор эди? Мана шу мантиқнинг ўзи Қаршида Қашқадарё дарёси устида қурилган тарихий кўприкнинг келиб чиқишини аниқлаб беради.

Тўғри, Қарши қадимий шаҳар. Лекин унинг ўрни баъзан сиёсатларнинг, замона зайлининг алмашиниши билан ўзгариб турган. Унда фақат Соҳибқирон Амир Темур давридагина илк бор эркинлик эпкини эсган. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Соҳибқирон 1365-66 йилнинг қишини Қаршида ўтказган ва бу ерда қалъа қурилишига машғул бўлиб, ўша қишда иморат битказилган. “Зафарнома” муаллифи бу даврда Соҳибқирон томонидан айтилган: “Давлат эвимиз (уйимиз) яхшилиқ била бино бўлса, анга ҳеч киши зарар еткура олмағай. Ва ул йиғочким (дарахт), адл ва эҳсондин сув ичса, комронлиқ мевасин бергай”, деган сўзларни келтириб, унинг бош ғояси маъмурлик ва тинчлик бўлганини зикр этади. 1370 йилгача Амир Темур Қаршида бир неча марта бўлди ва бу шаҳар у учун муҳим стратегик аҳамиятга эга шаҳар сифатида диққат марказида тутилди. Бир неча йиллардан кейин, Темур давлати мустаҳкамлангач ҳам Самарқанддан Хуросонга йўлга чиққан шаҳзода ва маликалар албатта Қаршида тўхтаб, ором олиб ўтишган. Мозандаронни фатҳ қилган Соҳибқирон 1392 йилда Сарой Мулк хоним, Туман оғо ва бошқа маликаларни ёнига чорлайди. Улар Қаршида тўхтаб, бироз муддат Шоҳрух Мирзонинг оғриб қолган кўзини даволаш билан  машғул бўладилар.

Бу воқеа бир жиҳатдан Қаршининг Амир Темур давлатида тутган ўрнини билдирса, иккинчи томондан, Самарқанд-Қарши-Самарқанд қадимий йўлидаги Қашқадарё   дарёсидан кечув айнан бугунги тарихий кўприк яқинида бўлганини кўрсатади.     Самарқанд ва Қарши ўртасидаги серқатнов алоқа, бу ерда қўшинларнинг сақланиши,  келиши ва кетиши, жанг аслаҳаларининг шаҳар орқали олиб ўтилиши дарё устида мустаҳкам кўприк қуришни тақозо қилар эди. Бундай кўприкни қуриш Амир Темур асос солган давлат учун мушкул иш эмасди.

Соҳибқирон даврида қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кўлами жуда кенгайгани яхши маълум. “Темур тузуклари”да: “Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига (янги) кўприклар қурсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар қурсинлар”, дейилади. Бу тузук мамлакатда дарё устига кўприк қуриш ишларини йўлга қўйибгина қолмай, хароб бўлиб ётган ерларни обод манзилларга айлантиришни ҳам кўзда тутар эди. Қарши шаҳрида Қашқадарё дарёси устига қурилган кўприк, ҳеч  шубҳасиз, Амир Темур томонидан мамлакат равнақи учун қурилган иншоот эди. Шу маънода унинг “Амир Темур кўприги” дейилиши ҳақиқатга қайтишдир.

Кўприк қурилишининг Шайбонийлардан бўлган Абдуллахон билан боғланиши тасодиф эмас. Темурийлар салтанати инқирозга юз тутиб, Шайбонийларнинг тахт учун олиб борган курашлари натижасида мамлакатда катта йўқотишлар содир бўлгани сир эмас. Қанча-қанча меъморий обидалар қатори мазкур кўприкнинг ҳам шикаст топганини тасаввур қилиш мумкин. Мамлакатда Шайбонийлар тўла ҳукмронлик ўрнатгач, Абдуллахон томонидан бир неча соҳаларда тараққиётни кўзда тутувчи катта ислоҳотлар олиб борилгани манбаларда қайд этилган. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Ўшанда ушбу тарихий, қолаверса, стратегик аҳамиятга эга кўприк ҳам таъмирлангани эҳтимолга яқин. Лекин унинг биринчи асосчиси Соҳибқирон Амир Темур бўлгани айни ҳақиқатдир...

Бугунги кунга келиб Амир Темур кўприги Соҳибқироннинг ўзи тасаввур қилгандан ҳам ёрқинроқ, гўзалроқ қиёфа касб этмоқда. Уни ҳеч шубҳасиз “Қарши афсонаси” деб аташ мумкин. Қашқадарёда катерлар сузиб юриши, қайиқларда сайр қилиш имконининг яратилгани куни кеча ҳам ақлимизга сиғмас эди. Кўприк бугун халқимиз руҳини кўтаришга, ўз яратувчанлик қудратига ишончи ошишига, шаҳар ва унинг ёруғ гўшалари таровати билан ифтихор этишига, миллий ғурурининг юксалишига хизмат қилмоқда. Хуллас, бу манзаралар ижодкорларига, яратувчи фидойиларига “Минг офарин! Тасанно!” дея таъзим қилишни ўзим учун ҳам фарз, ҳам қарз деб биламан.

Нафас ШОДМОНОВ, филология фанлари доктори

 

Инсон ўз ишларида акс этади.

ШИЛЛЕР

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!