Меню
Қашқадарё
КЎҲНА ҚИШЛОҚ ЗИЁРАТИ
- Дада, анови тепаликни ким қурган?
- Билмадим, болам...
- Ахир, нега билмайсиз?
(Ота-бола суҳбатидан).
Одам боласи ёши улғайган сари ўтмишга кўпроқ мурожаат қиладиган, оиласи, уруғ-аймоғи, қишлоғи, юрти ҳақида кўпроқ билишга эҳтиёж сезар экан. Гурунгларда кимдир гапни айлантириб "Менинг бобом чавандоз бўлган" ёки "Менинг бобомнинг сурув-сурув қўйлари бўлган", деб мақтаниб қолади. Ичингизда унга ҳавасингиз келади. Хўш, менинг аждодларим ким бўлган, қандай яшаган, деб ўз-ўзингизга савол берасиз. Бу савол сизни тинч қўймайди, кекса кишилардан фурсат топиб, суриштирасиз, жавоб топсангиз, эшитганларингизни болаларингизга, набираларингизга бот-бот сўзлаб берасиз.
Аммо жавоб тополмасангиз, нима қиласиз? Мактабда ўқийдиган болангиз ё набирангизнинг тарих китобини титкилаб кўрасиз. Рангли суратларни томоша қилиб, маълумотларни ўқиб чиқасиз. Аммо негадир қониқмайсиз, ўзингиз истаган "нарса"ни тополмайсиз...
Қизтепанинг қирқ малаги
Қишлоғимизнинг кунботарида баланд тепалик бор. У бизга болаликдан таниш, неча бор устига чиқиб, ўйнаганмиз, атрофида қўй-қўзи боққанмиз. Лекин бу қандай тепалик, ким қурган, кимлар яшаган, билмаймиз. Аждодларимиз эса тепаликларга Қизтепа, Жангалтепа, Бўритепа деб ажабтовур номлар қўйишган. Раҳматли Бибисора аммам айтарди: "Қизтепада қирқ малак яширинган. Ярим кечада туйнук очилиб, қизлар ташқарига чиқади. Гулхан ёқиб, ўйин-кулги қилишади, тонг оқариши билан яна маконларига беркиниб олишади. Уларни кўрган одам ё жинни ёки девона бўлади".
Бир неча йил тепалик атрофида қўй боқиб чўпонлик қилган Расул бобо Маматов эса у ерда олов ёлқинини кўрганини ва овозлар эшитганини ҳамон гурунгларда ҳайратланиб сўзлаб юради.
Тарихчи олим Поён Равшанов Қизтепа ҳақида ёзар экан, бу тепаликда топилган ашёлар орасида аёлларнинг ўсма қўядиган митти идишлари ва бошқа пардоз буюмлари борлигини эътироф этган.
"Марказга яшик-яшик буюмларни жўнатганмиз..."
- Эллигинчи йилларнинг охири эди, - деб сўзлайди кекса муаллим Ҳасан Равшанов.- Мактабни тугатгандим. Чимқўрғон сув омбори қурилиши туфайли қишлоғимиз аҳолисини Жонбўзсойга кўчириш бошланди. Тепаликларни ва бошқа тарихий жойларни ўрганиш учун пойтахтдан шошилинч равишда қадимшунос олимлар келишиб, ишга киришишди. Қазиш ишларида мен ҳам икки йил ишладим.
Гуруҳ раҳбари Сергей Кабанов билимдон, ажойиб инсон эди. Эҳ, бу тепаликлардан қанчадан-қанча ноёб осори атиқалар - сополдан ясалган ҳар-хил уй-рўзғор буюмлари, лойдан ясалган турли ҳажмдаги ҳайкаллар, қадимги тангалар, қурол-аслаҳалар топганмиз. Марказга яшик-яшик буюмларни жўнатганмиз... Текширув натижасида 20 дан кўпроқ ёдгорликлар ҳисобга олинди. Айниқса, Овултепа, Киндиклитепа, Жангалтепалар олимларда катта қизиқиш уйғотди. Бу тепаликлардан топилган сопол буюмлари эрамиздан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарига тегишли эканлиги билан ажралиб турарди. Шунинг ўзиёқ бу маконда одамларнинг ўтроқ ҳаёт кечириши, ҳунармандчиликнинг эса ривожланганлигини кўрсатади. Жангалтепадан эса катта бир оиланинг яхши сақланган тобутлари чиққанди...
Тепабобо каромати
Шу ўринда болалиги сув омбори остида қолган Наймансарой қишлоғида ўтган шоир ва адиб Йўлдошбек Кенжанинг олис кечмиш ҳақидаги сўзларига қулоқ тутсак.
- Уйимиз яқинида Тепабобо деган газа бўларди. Олти ёшларда эдим. Жўраларим билан Тўлғоной момонинг уйи ёнидаги тепаликка ўйнагани чиқар эдик. Биз болаларнинг назарида тепалик дунёдаги энг баланд жой бўлиб, кўзимизга қудратли, енгилмас қўрғон бўлиб кўринарди. У - бизнинг митти Ватанимиз эди. Кунларнинг бирида тепаликни бузгани баҳайбат бульдозерни олиб келишди. Қишлоқ аҳли томошага чиқди. Боболарнинг, момоларнинг кўзларидан ёш юмалади. Бульдозер эса тепаликка худди тошбақадек ўрмалаб чиқа бошлади. Кейин эса бирдан бульдозер кўринмай қолди. Одамлар тепаликка қараб чопишди. Трактор тепаликдан очилган улкан туйнук оғзида муаллақ турар, унинг ҳайдовчиси эса кабина ичида ҳушсиз ётарди. Ҳайдовчини бир амаллаб тортиб олишиб, шифохонага олиб кетишди. Бульдозер эса тепалик оғзида узоқ муддатга "асир"ликда қолди.
Кунларнинг бирида тепалик устида ўйнаб юриб, бехосдан қандайдир чуқурга тушиб кетдим. Жўраларим отамга хабар бергани қишлоққа чопиб кетишди. Мен эса, билсангиз, ўзга бир дунёга тушиб қолгандек эдим. Харобага айланган улкан сарой, деворларда турли расмлар, буюмлар, ҳайкалчалар турарди. Дарё тарафга кетадиган йўлакка эса тош тўшалган. Отам келиб, менга арқон ташлаб, тортиб олди. Тепалик ичида кўрганларимни уйдагиларга, дўстларимга сўзлаб бердим. Кейинчалик шу тепаликда текшириш ишлари олиб борган С.Кабанов, З.Усмонова, Т.Аъзамхўжаеванинг асарларидан мен болалигимда кўрган сарой маҳобатли Сўғд иморати эканлигини билдим. Демак, болалик тасаввурларим мени алдамаган экан.
Воҳамизнинг ўрта қисмидаги қадимий манзиллар 1971 йилда яна текширувдан ўтказилди ва қадим аждодларим томонидан ясалган кўплаб осори-атиқалар топилди. Айниқса, Жангалтепадан топилган гўдакларнинг митти эмизиклари диққатга лойиқ. Шу топилманинг ўзи ҳам аждодларимизнинг болалар тарбиясига катта эътибор беришини ва болажон бўлганини кўрсатади. Шунингдек, Чокартепа, Дўстбердитепа, Байрамтепа, Қоратепа, Ирзотепа, Ойдонатепалар ҳам ўтмишимиздан кўплаб сир-асрорларни ўз бағрига олгани билан муҳимдир.
"Мени кимлар чақирган экан?"
Кечқурун қўшним Абдихолиқ тракторчи чақириб колди.
- Ҳамсоя, дарров бизникига ўтинг, кўҳна қишлоқни зиёрат қилиб келувдик, бир гурунглашайлик.
Ҳаялламай ўтиб, қўшнимга "зиёратингиз қабул бўлсин!", деб тилак билдирдим. У ҳам "муродингиз ҳосил бўлсин!" дея жавоб қайтарди.
- Ҳар йили бир жонлиқни сўйиб, ўша жойга бориб келмасам, негадир кўнглим алағда бўлиб юради, кечалари уйқум қочиб, босинқираб чикаман, - дейди у гурунг асносида. - Зиёратга бориб келгач, бари жойига тушади, кўнглим ҳам тинчийди, ишларим ҳам бароридан келаверади. Мана, сиз домласиз, унча-мунча ёзув-чизув қиласиз, айтинг-чи, мени тунлари ўзи томон чақирган овозлар қаердан келади ёки бу бобокалонларимизнинг руҳимикин?
- Ўшалар бўлса керак, - дейман суҳбатдошимни тинчлантириб, - бундай ҳолат фақатгина сизда эмас, барчада содир бўлиб туради, аммо кўпчилик бунга эътибор қилмайди. Шунчаки ўткинчи ҳолат деб ҳисоблайди...
Тушмиди, эртакмиди?
Бу ёғини сўрасангиз, Абдихолиқ тракторчи ўзи айтаётган "кўҳна қишлоқ"да эмас, ҳозирги Жонбўзсойда туғилган. Аммо отаси Юсуф бобо айтиб берган, бугунги кунда Чимқўрғон сув омбори тагида қолган эски макон ҳақидаги ғаройиб хотиротлар ҳамон унинг ёдида.
У отаси айтган сирли "эртак"ни эслайди:
- Эй, болам, ундай маскан бу ўртада йўқ эди-ёв, бир томони дарё, яна бир тарафи бепоён даштлик, ўртасида бизнинг қишлоқ, ўтлоқлар, жарликлар, тепаликлар, боғлар, чорбоғлар, тўқайзорлар... Дарё бўйи кета-кетгунча қамишзор, ўрдагу ғоз, тувалоқ, тустовуқ, бедана, каклик, турналарнинг кони эди. Бўри, тулки, шоқол, қуён, жайранинг, жондору жонзотнинг макони эди. Дашт тарафдан гала-гала кийиклар сувлагани келарди. Наврўз келар-келмас бола-бақра, ёш-қари адирга чиқардик, Кенгликни эса ўт-ўлан, гиёҳ, майса қоплаган. Қоқи, туятўппа, исмалоқ, чирийгул ҳар қадамда учрар, еганимиз буғдой нон, соримой, сут-қатиқ, қатрон эди.
Боғлардаги узум, шафтоли, зардоли, писта-бодом, жийда, олма, анорни айтмайсиз-а, ҳозирги помидор, картошка деганлари у пайтлари йўқ эди. От-йилқиларимиз, сигир-бузооқларимиз қамов не, тушов нима билмас, дайравотда туғиб, эртасига боласини эргаштириб келаверарди. Қишлоқ болалари ялангликда чиллак, зувиллатар, лов-лов така, ошиқ каби ўйинлар билан кунни кеч қилса, қизлар ҳаппак, қувлашмачоқ, қора қуш ўйнашарди. Кўнгиллар орзуларга тўла эди, хасталик на, шамоллаш нима, билмасдик. Ялангбош, ялангоёқ юрардик. Тупроқ тоза, сув зилол, ҳаво мусаффо эди-да.
Қўрғонлари асраган манзил
Айтинг, шундай маконда улғайган ўғлон Алпомиш, қиз Барчиной бўлмай, ким бўлсин? Қишлоқнинг қоқ ўртасида чойхона, мачит бўлиб, оқшом тушиши билан одамлар тўпланишиб, ривояту ғаройиботлардан суҳбат қуришар, Алпомиш, Гўрўғли, Авазхонни ўқишар, баъзида эса Аҳмад махсум, мулла Иброҳим, Асадулла махсум галма-гал Яссавий, Сўфи Оллоёр, Навоий, Машраб, Бедилдан ғазаллар ўқирди.
Келинчаклар, қизлар кайвони момолардан ўрмак тўқишни, кашта тикишни, урчуқ йигиришни, чанқовуз чалишни ўрганишарди. Ҳовлилар бир-бири билан туташиб кетган, на девор, на тўсиқ, на дарвоза бор эди. Эшиклар қулф нима билмас, фақат Норой кампиргина жаранг-журинг этиб очиладиган, бухороча сандиғининг калитини сочбовига бойлаб, кўз-кўз қилиб тақиб юрарди.
Одамлар бир-бирлари билан оға-ини, қадрдон эди. Гарчи қишлоқ Сўфи гузар, Ўрта гузар, Шайтон гузар деган уч даҳага бўлинса-да, тўйи, маъракаси бир эди.
Эй, тўйларни айтмайсизми, тўйлари курашсиз, кўпкарисиз ўтмас, ҳар бир қишлоқ ўз полвонлари, чавандозлари билан мақтанарди. Майдонда эса ор, шаън, обрў ўртага тикилар, ғийбат, ҳасад, ичиқоралик йўқ эди. Ҳалоллик баридан устун эди-да. Одамлар мол-дунё, бойлик, мансаб деган инсон боласини худбин, тошбағир қиладиган иллатлардан холи, бир бовур бўлган.
Чунки бу маконни турли бало-қазолардан, офатлардан асрагувчи буюк қўрғонлар, асрий, сир-синоатларга бой улуғ қадамжолар ўраб турарди.
***
Ҳа, элнинг хотираси мисоли тош китоб, уни на олов, на сув йўқ қилолмайди. Жонбўзсойликлар тилида "Ватан" деб номланган сирли макон ҳақида болаларига, набираларига оталар, оналар соғинч билан эртак сўзлайди.
Куни кеча ҳамқишлоқларим қадим масканларини зиёрат қилгани жўнаб кетишди…
Ўролбой ҚОБИЛ, Қамаши.