Меню

Қашқадарё

23.10.2018 1942

КЎМИР: “ХЎЖА АЛИ” – “АЛИ ХЎЖА”

Аввало шуни айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июлдаги қарори ижроси доирасида барча кўмир конлари ва омборлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфига ўтказилган, хусусан, кўмир омборлари мазкур жамиятга қарашли “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармасига топширилганди. Ўз навбатида куз-қиш даврида аҳолига ҳамда бюджет ташкилотларига кўмирнинг ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилиши, аҳолига сотиладиган кўмирнинг чакана нархига риоя этилиши, шунингдек, уларнинг асоссиз равишда қимматлашиб кетишининг олдини олиш ва чек қўйиш чоралари кўрилиши белгиланганди.

Бироқ бу борадаги дастлабки ўзгариш кўмир нархи бирданига 74,3 фоизга ошишида намоён бўлди ва ўтган йили тоннаси 156 минг сўм бўлган кўмир бу мавсумда 273 минг сўмдан, брикет эса 375 минг сўмдан сотилиши айтилди.

Аслини олганда, кўмир тасарруфининг “Ўзбеккўмир”дан “Ўзбекистон темир йўллари”га ўтказилишидан мақсад ёқилғи истеъмолчиларга ўз вақтида ва арзон нархларда етиб боришини таъминлаш бўлгани ҳолда, нарх нега кескин оширилгани фақат соҳа мутасаддиларига аён. Бизга маълуми шуки, ана шу қиммат кўмирнинг қўлга етиб боришида талай муаммолар мавжуд.

Мисол учун, ўтган йили Қарши темир йўл бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги қошида ташкил қилинган, Қарши шаҳридаги кўмир омбори   фаолиятини олайлик. Биламизки, шу вақтгача вилоят маркази ва унга яқин туманлар аҳолиси Шайхали қўрғонида жойлашган шохобчадан кўмир олар, дейлик, 100 минг сўмлик 1 тонна кўмир то манзилига етиб боргунига қадар камида 200-250 минг сўм сарф бўлар, боз устига айрим олғир “тадбиркор”лар кўмир нархини сунъий равишда кўтариб ҳам юборарди. Хўш, Қарши шаҳри, Қарши, Касби ва Миришкор туманлари аҳолиси учун қулайлик яратиши кўзда тутилган янги шохобча бугун қандай ишлаяпти?

- Икки ҳафтадан бери Косондан қатнайман, кўмир йўқ, дейишади, қачон бўлишини ҳам айтишмайди, - дейди ўзини Авлиёқул деб таништирган киши. – Қоровул қўйишган, у ҳеч нарсани билмайди. Қачон келишни сўрайман десак, буларнинг бир идораси ҳам йўқ. На телефон беришади, на кўмир олиб бўлади.

Қарши туманилик бошқа бир харидор эса қиш-қировли кунларга қолиб кетмай озроқ кўмир олиш истагида экани, аммо ҳар сафар кўмир йўқлигини айтишаётганини билдирди.

- Ичкарида кўмир бор, - дейди у. – Ташкилотларники деб беришмаяпти.

Дарвоқе, ўтган йили Президент девони (ҳозирги администрацияси) ходимлари ушбу шохобчада бўлган, ўшанда кириш дарвозаси олдида ҳартугул ушбу шохобча қайси идорага қарашли экани ҳақида маълумот бор, тўловлар пластик карточкалар орқали амалга оширилиши, аҳолига мақбул хизмат кўрсатилиши айтилган эди.

У гаплар хўжакўрсинга экан, шекилли, ўша маълумотларнинг барчаси қайгадир гум бўлибди, кўмир талабида келган кишилар эса ёпиқ дарвоза остонасидан қайтишга мажбур бўлишаяпти. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нега аҳолига кўмир сотилмаяпти? Ё ҳали-ҳануз ижтимоий соҳа объектларига тўлиқ етказиб берилгани йўқми? Бу ҳақда шохобчада турганлардан сўраганимизда, турган кўмир ташкилотларники эканини, “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги масъуллари эса ташкилотларга кўмир 100 фоиз тарқатиб бўлинганини маълум қилишди. Агар тўлиқ етказилган бўлса, шохобчада бунча кўмир нима қилиб турибди? Ё унинг махсус эгалари борми?

Умуман, ташкилотларга кўмир-брикет тўлиқ етказилди, деган гаплар нечоғлик тўғри?

Маълумотларга кўра, жорий мавсумда вилоят ижтимоий соҳаларига жами 29 минг 150 тонна (шундан 8599 тонна кўмир ва 20 минг 551 тоннаси брикет), аҳолига эса 29 минг 51 тонна (8716 тонна кўмир ва 20 минг 335 тонна брикет) ёқилғи етказиб берилиши кўзда тутилган.

Кўриниб турибдики, ёқилғининг асосий қисмини брикет эгаллайди. Бироқ белгиланган режа вилоятда 15 октярбь ҳолатида 66 фоизга бажарилган, холос. Хусусан, Шаҳрисабз тумани халқ таълими муассасаларида брикет учун белгиланган режа 1400 тонна бўлгани ҳолда 530 тонна маҳсулот етказилган. Китобга эса 1643 тонна брикетнинг 577 тоннаси етиб борган.

Китоб тумани халқ таълими бўлимининг айни шу соҳа бўйича ходими Суҳроб Хидировнинг айтишича, тумандаги 5-, 23- ва 59-мактабларга на кўмир, на брикет келтирилган.

Нишон туманидаги 24-, 30-мактабларда ҳам аҳвол шу. Камига брикет ҳолатидан ҳам қониқиш сезишмаяпти.

- Ҳаво совуқ бўлгани учун қуримай келаяпти, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Нормўмин Авазов. – Шунинг учун сифати унча яхшимас.

Кўраяпмизки, 2 тумандаги 5 та мактабга қишки мавсумга ҳеч қандай ёқилғи етиб бормаган. Шундай экан, Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги мутасаддилари нимага асосланиб бюджет ташкилотларига 100 фоиз ёқилғи етказиб берилди, дейишмоқда?

Бундан ташқари, Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги маълумотида Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмаси муассасаларига 225 тонна брикетнинг 164 тоннаси етказилгани кўрсатилган бўлса-да, маълум бўлишича, туманга 145 тонна брикет келтирилган ва 80 тоннаси қуримагани учун қайтарилган. Кўмир эса 60 тонна эмас, 50 тонна олинган, 10 тоннаси ҳали етиб бормаган.

Яна рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, соғлиқни сақлаш тизимида брикет учун Деҳқонобод туманига 200 тонна режа белгиланган, унинг фақат 78 тоннаси олинган, холос. Шаҳрисабз шаҳридаги коллежларга 59 тонна режа кўрсатилган, бироқ унинг 19 тоннаси тарқатилган. Муборак тумани боғчаларига эса 86 тонна ўрнига ҳозирча 20 тонна маҳсулот етиб борган.

- Ўтган йилги кўмирдан 1 тонна кул қолган, ҳозирча шуни тайёрлаб турибмиз, - дейди Нишон туманидаги “Дўстлик” қишлоқ врачлик пункти мудири Мусурмон Маркаев. – Бу йил 4 тонна кўмир олишимиз керак эди, лекин ҳали келгани йўқ.

- Ҳар йили қишга 5 тонна ёқилғи оламиз, - дейди Чироқчи туманидаги “Ўзбекистон” қишлоқ врачлик пункти мудири Зокир Йўлдошев. – Бу йилги брикет қопга солинган, жуда нам бўлса-да, ҳарқалай олдинги йиллардагидан пешроқ. Аввал 5 тонна ўрнига уч-уч ярим тонна кўмир кулини ташлаб кетишарди, тезакка қўшиб ёқардик. Бошқа илож йўқ, нам бўлса ҳам фойдаланиб турамиз.

Кўраяпмизки, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кўмир-брикет етиб бормаган муассасалар сони кўп. Борганларида эса ёқилғи сифати талаб даражасида эмас.

Айтиш керак, юқорида келтирилган рақамлар бир қадар нисбий, чунки улар шу йилнинг 15 октябрь ҳолатида. Орадан ўтган 7-8 кун ичида улар ўсган бўлиши табиий. Шу жойда бир нарсани эсдан чиқармаслик керакки,      Президентнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йил 12 июлида имзоланган, шунга асосан 9 августда вилоят ҳокимининг ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича қарори қабул қилинганди.

Мана, орадан 2 ойдан ошиқ вақт ўтди. Аммо ҳали бюджет ташкилотларининг кўмир-брикетга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланганича йўқ. “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги раҳбари Хуршид Нуралиев барча ишлар жойида эканини таъкидламасин, юқоридаги далиллар мавжуд вазиятни кўрсатиб турибди. Энди бир ўйлаб кўрайлик. Бюджет ташкилотларигаки, икки ой ҳам етмабди, хўш, аҳоли қўлига қачон кўмир етиб боради? Бунинг учун яна икки ой кетадими? Нима энди одамлар қишнинг қоқ чилласида кўмирга навбатда турадими?

Таҳлилларга кўра, вилоятда 605 минг 619 хонадон бўлса, шундан 334 минг 326 хонадоннинг кўмирга эҳтиёжи мавжуд ва уларнинг куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиши учун 60 минг тонна (!) кўмир керак.

Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги маълумотларига таянадиган бўлсак, бугунги кунгача аҳоли эҳтиёжи учун бор-йўғи 900 тонна кўмир келтирилган, холос. Буёғини ҳисоблаб кўраверинг: совуқ кунлар ҳукмини ўтказа бошлаган бир дамда вилоятга аҳоли эҳтиёжининг 1,5 фоизи миқдорида кўмир келган. Келгану, яна одамларга ҳам берилаётгани йўқ. Нимани кутишаяпти, билмайсан киши. Қарши бирлашган ёнилғи омбор хўжалиги раҳбари ҳамма шохобчалар ишлаётгани, одамларга кўмир сотилаётганини айтди. Агар шундай бўлса, нега косонлик киши тўғри Шайхалидан эмас, Қаршининг бу четидаги манзилдан кўмир қидириб сарсон бўлиб юрибди?

Хўш, бюджет ташкилотларининг кўмир-брикетга бўлган эҳтиёжи қачон тўлиқ таъминланади?

Аҳоли эҳтиёжи учун зарур кўмирнинг қолган 98,5 фоизи қачон келтирилади? Келадими ўзи ва кимларга сотилади? Ё одамлар аввалгидай мактаблардан сотиб оладими? Келган кўмир сара бўладими ё кул?! Буни ким назорат қилади?

Ташкилотларга етказилган нам брикет-чи? Ёнадими? Қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиб бера оладими?

Кўмирни “Ўзбеккўмир”дан мерос олган тизимнинг ҳозирча кўрсатган “каромат”и шуми?

Саволлар кўп. Уларнинг жавобини эса яқин бир ой ичида рўй-рост кўрамиз. Қиш эса қиличини яланғочлаб турибди...

Б.ЎКТАМ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!