Меню
Қашқадарё
КЎКНОРГА ЎҒИТ БЕРИБ ПАРВАРИШЛАБДИ
Бир неча кун муқаддам вилоятда гиёҳвандлик ўсимлигини хуфёна тарзда етиштириб келаётган хонадон фош этилди. Вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан Касби туманида тезкор тадбир ўтказилди. Фуқаро И.З.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳовлида алоҳида тошлар билан ажратилиб, ҳосили яхши бўлиши учун ўғитланиб ишлов берилган ерда 68 туп кўкнор гиёҳвандлик ўсимлиги яширин тарзда етиштирилаётгани аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ДОРИЛАНГАН ЧИГИТДАН - ИСТЕЪМОЛ ЁҒИ?!
Вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан вилоятда яна бир қонунбузарлик ҳолатига чек қўйилди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида Чироқчи туманида истиқомат қилувчи Х.С. яшаш хонадонида сифатсиз ёғ ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин цех ташкил қилгани маълум бўлди.
Аниқланишича, кимёвий ишлов берилган заҳарли пахта чигитидан қўлбола усулда ноқонуний равишда стандарт талабларига жавоб бермайдиган, сифатсиз истеъмол ёғи ишлаб чиқарилган.
Вилоят божхона бошқармасидан маълум қилишларича, ҳозирда ҳуқуқбузарнинг қилмишига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.
"ЛАСЕТТИ"ГА ЮКЛАНГАН 620 ЛИТР ДИЗЕЛЬ ЁНИЛҒИСИ
Вилоят божхоначилари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида дизель ёнилғиси ноқонуний айланишининг олди олинди.
Маълумки, нефть ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари мамлакатимизнинг стратегик аҳамиятга эга бойликлари сирасига киради. Уларни талон-торож қилиш миллий иқтисодиётга путур етказади. Шунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида нефть маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали яширинча олиб ўтилиши ва ички ҳудудда ноқонуний айланишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўриб борилади.
Бироқ тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилган қулай имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш ўрнига солиқ ва божхонадан қочиб, мўмай даромад орттириш илинжида жорий тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузадиганлар ҳам йўқ эмас.
Тезкор маълумот натижасида ўтказилган тадбир давомида маълум бўлишича, Қарши-Шаҳрисабз йўли ёқасида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида тўхтаб турган Ш.К.га тегишли "Ласетти" русумли автомашина шубҳа остига олиниб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина юкхонаси ҳамда салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 31 дона 20 литр ҳажмдаги елим идишларга жойланган жами 620 литр дизель ёнилғиси борлиги аниқланди.
Тегишли ҳужжатлар тақдим қилинмадими, демак, фаолият - ноқонуний. Аммо қилмишни қонуний малакалаш имкони мавжуд.
Н.ХЎЖАЕВ