Меню
Қашқадарё
КЎКНОР ЁКИ ЛИКЁР ҚЎШИБ НИМА ПИШИРМОҚЧИСИЗ?
Китоб – тарғиботчи. У инсонлар қалбига эзгулик улашади, зиё олиб киради, яхшиликка ошно этади. Этиши керак. Бироқ... Шундай китоблар ҳам бўладики, бир қарашда унда акс этган ғояни тушуниб олиш қийин. Унинг ёмон тарафи ҳам шунда. Ўша ғоя ёки фикрни англолмайсан, тушунолмайсан, кун келиб қарасанг, онгингда, шуурингда у мустаҳкам ўрнашиб олган бўлади.
Яқинда тасодифан “Пишириқлар” (Тошкент, “Vektor-press” нашриёти, 2013 йил) отлиқ китобча қўлимга тушиб қолди. Рўзғорга, пишир-куйдир учун мўлжалланган қўлланма экан у. Шунчаки варақлаб кўргандим, кўзим тушган дастлабки битик шаклдор ширин булочка устига сепиладиган кўкнор уруғи ҳақида бўлди.
Даставвал ҳайрон бўлдим. Тўғри-да, кундалик ҳаётда кўкнор дейилганда, одатда гиёҳванд модда тушунилади. Эскида айрим момолар ишимни қилиб олай, деб бешикдаги боласига бирор егуликка қўшиб кўкнор уруғини бергани ҳақида эшитганмиз. Шунда бояги гўдак қотиб ухлаган, бировни безовта қилмаган.
Балки унинг бошқа маънолари ҳам бордир, деган ўйда луғат титкиладим. Луғатда ҳам шу нарса ёзилган, яъни кўкнор – кўсаксимон ҳосили ичида майда кўкиш уруғи бор, танасида сут шира етишадиган бир йиллик ва кўп йиллик ўсимлик, дея таъриф берилган экан. Телевизорда гиёҳванд моддалар ҳақидаги лавҳаларда кўсагини тилиб кўрсатади-ку, ана шу нарса экан.
Кейин шу ўсимлик ҳосилидан ивитиб, эзиб тайёрланадиган ва кайф берадиган ичкилик ҳам кўкнор аталаркан. Хуллас, кўкнор деганда фақат салбий маъно келиб чиқди. Дейлик, “кўкнори хаёл” дейилса, ақлга тўғри келмайдиган пуч хаёл тушуниларкан.
Шунча ёмон томони бор экану, нега унда бу нарсанинг уруғидан пишириқда фойдаланишга чақирилаяпти? Дейлик, уйда ана шу ширин булочкани пиширмоқчи бўлишса, кўкнор уруғини қаердан топиб келасиз?
Кейин интернет титкиладим. Кўрсам, пишириқчилар кўп тавсия қиладиган масаллиқ экан у. Дин аҳлининг бунга муносабати қандай экан, десам, агар маст қилмаса, жоиз, дея жавоб беришибди. Демак, маст қилиши, кайф бериши эҳтимоли бор экан.
Энди бир ўйлаб кўрайлик. Нима, пишириқларимизга кўкнор қўшиш шунчалик зарурми? Ундан фойдаланмаса пишириқ бемаза чиқадими? Ҳеч қандай таъсири йўқ ҳам дейлик. Пишириққа сепиладиган кўкнор биз ўйлаган гиёҳванд модда эмас, ҳам дейлик. Бироқ кўкнор номининг ўзиёқ салбий ифода касб этиб турибди-ку. Бугун ундан пишир-куйдирда фойдаланса бўларкан, деган одам эртага наркотик моддаларни ҳам бемалол, тўғри қабул қилмайди, деб ким кафолат бера олади?
Билмадим, китобча муаллифлари балки мутлақо бошқа нарсани назарда тутмоқчи бўлишгандир. Кунжут ёки шунга ўхшаш бирор нарсани шу ном билан аташни маъқул кўришгандир? Бироқ кўкнор деган сўз, бошқаларни билмадим, бизнинг юртда, бизнинг халқда салбий маънони ифодалайди. Буниси аниқ.
Яна ўша қўлланманинг сўнгги бетига изоҳ тариқасида “Рўза ва ҳайит пишириқлари” деб ёзиб қўйишибди. Бу яхши. Чунки муаллифлар китобдаги таомларнинг ранг-баранг бўлишини таъминлашга уринган. Лекин айрим таомларни тайёрлашдаги тавсиялар рўза ва ҳайит тугул, бошқа мантиққа ҳам тўғри келмайди. Масалан, малинали желе тайёрлашда ликёр ёки таъбга кўра шарбат қўшиш керак эмиш. Биламизки, ликёр – ширин, ўткир спиртли ичимлик саналади. Одатда унга фильмларда кўзимиз тушиб қолади. Чет элда шундай: овқатга вино ёки бирор спиртли ичимлик қўшишади. Хўш, бизда-чи? Бизнинг менталитетга, ошпазлик анъаналарига овқатга спиртли ичимлик солиш тўғри келадими? Келмайди. Чунки азал-азалдан ота-боболаримиз ҳалол луқмасига ҳаром нарсани аралаштирмаган, энди ҳам бундай бўлмайди.
Тўғри, бу китобча хориж таомларидан келиб чиқиб тайёрланган бўлиши мумкин. Лекин уни халққа ҳавола этганда, бошқа жиҳатларни ҳам инобатга олиш керак-да. Тўғри, чекка бир ҳудуддаги уй бекаси желе, ликёр тайёрламаслиги мумкин, бироқ телевизорда кўргани китобда ўқиганига эш бўлиб, таомга спирт солса бўларкан-да, деган фикрга бориши табиий. Бугун оммавий харид қилинаётган китобда кўкнор уруғини ишлатиш хусусидаги тавсияни ўқиган ўсмир эртага унинг салбий томонларини унутиши мумкин. Шуниси ёмон. Шуниси хавфли.
Демоқчи бўлганим шуки, қандай китоб бўлишидан қатъи назар, у халққа ҳавола қилинаяптими, энг аввало, миллий менталитет, қарашлар, урф-одатлар ва тутумлар билан ҳисоблашсин. Бунга мос келмайдими, кишиларни ўйлантириб, иккилантирадими, ундай бўлса, унинг кераги ҳам йўқ. Миллий таомларимизнинг ўзи ҳам катта бир хазина. Ликёру вино қўшиб тайёрланадиган бошқа овқатларнинг бизга кераги йўқ. Уни тарғиб қиладиган турфа қўлланмаларнинг ҳам.
Б.ЎКТАМ