Меню

Қашқадарё

21.03.2017 2189

КЎКЛАМ ИЗҲОРИ

Ҳаволарда хушбўй-хушбўй ифорлар кезинади. Митти-митти жонзотлар учади, “ғиинг-ғииинг” - худди сиз ила саломлашгандек кўк узра лаҳзалик муаллақ қолишини айтинг, бир ажиб!.. Олдингиздан елиб ўтган капалак ҳам кўп ёқимли қўшиқ айтиб ўтади.

А, лаббай? Капалак забонсиз дейсизми? Ундай деманг, дўстижон, ундай эмас! Қўшиғини эшитганлардан сўранг, ана, ўз куйига ўзи мафтун бўлиб, пириллаб ўйнаб боришига боқинг йўқса. Бу фаслда ҳамма жонзот куйлайди, ҳамма нарса яйрайди...

* * *

Баҳорнинг бир мазали таоми бор, жаннатнинг бўйлари анқиб туради ундан. Топдингиз, бу ўша, пайғамбаримизнинг қизи Биби Фотима онамиз иноят қилган ош – сумалак! Сиз ҳам сумалакни соғиндингизми, дўстижон, соғиндингизми?!.. Мен ҳам соғиндим...

Энамдан сўрайман, “нега сумалак бунчалар тотли?” дейман.

- Нимага тотли бўлмасин?  - куладилар энам.  - Бу табаррук ошни ўттизта малак пиширади-ку! Кейин унга фақат тоза назар тушади, тоза тилаклар, пок умидлар сингиб кетади, - сўнг ишонч билан қўшиб қўядилар: - Кимнинг кўнглида эзгу нияти бўлмаса, унинг сумалаги қизармайди, мазаси ҳам ёвғон ошникидай бўлади…

Ўйлаб-ўйлаб бир ўйимга етаман: энам чин айтади, эй дўст! Ахир, сумалак қайнатадиган одам намозга борган каби таҳоратли бўлади. Кўнгли ҳам озода, яратгандан истаган неки  илинжи бор, дуо ўқимишдай пичирлаб айтиб, қайнатади. Кимнингдир кўзига билиб-билмай  ёш қалқиб чиқади – самимиятдан бу! Энди айтинг, шунча покиза дуолар, шунча меҳр қўшилиб қайнагандан кейин сумалак ширин бўлмай, қайси таом ширин бўларди?!

Шундай кунда ғийбатдан Худо сақласину, лекин ўтган баҳорда бировининг сумалаги қизармай,  бўзранг бўлиб қолганди. Ўша хонадонга сумалак қайнатиш учун кўп хотин-халаж борган, менинг янгам ҳам. Ўшанда хотин-халаж қўшиқ куйлаб, чилдирмалар чалиб сумалакни қайнатишади, қайнатишади, аммо тонггача қайнаса ҳам сумалак қизармайди. Ҳа, сумалак қилаётган аёл – уйнинг эгаси уятдан қип-қизаради, сумалаги бўлса қизармайди. Сумалак ошига бош бўлган кайвони момо ёрдам учун келган ёш-ялангларни йиғиб бир-бир тергайди – ҳаммаси   жойида, ҳеч амалда хато ўтмаган. Шунда уйнинг эгаси бўлмиш аёл йиғлаб юборади ва: “Айтгандим-а, уйда азизларнинг оши пишаётганда ҳаром-ҳаришни аралаштирманг, деб! Гапимни қулоққа олмай, сумалакка ўтин қалашган бир-икки йигит билан четга ўтиб, анови зормандадан қултиллатиб ичиб келди-я...” – дея қарғайди эрини.

Шундай, дўстижон, шундай, кўп хосиятли, кўп сирли таом эрур бу сумалак! Сиз ҳам сумалакка уннамоқчи бўлсангиз, ўзингизни, кўнглингизни покиза тутинг. Ихлос билан, эзгу мурод-истаклар билан тошлар ювиб солинг бу таомга. Шунда сумалагингиз энам пиширган сумалакдай тотли, дармонбахш бўлади.

* * *

Юртимизнинг хосиятли кунлари ҳам, эзгу ва гўзал байрамлари ҳам оз эмас. Лекин Наврўзнинг, Наврўз айёмининг ўрни бўлакча. Ахир, дўстижон, бу айём сизу биз учун шунчаки байрам эмас, бу айём ушбу ҳурликни қанча вақт орзу қилган азиз миллатимизнинг азалий соғинчи, асрий умидлари, қон-қонига сингиб кетган қадрияти, қолаверса, бугунги ёруғ кунларимизнинг шукроналик шукуҳи эрур! “Муродига етмаганлар Наврўзда етади, армони борларнинг орзуси ушалади”, деб айтади энам. Ҳамма гап ишончда, ихлосда, эътиқодда эмиш, дўстижон! Шунинг учун бу айёмда кимки кўнглидан ғуборларини аритмас экан, уни Худо суймас эмиш. Ким ўзи учун, ота-она, жигар-қондошлари учун яхшиликлар ният қилмай, бировларга гина-кек сақлаб юрса, оғир гуноҳга ботар эмиш...

Номингдан айланай, Наврўзим, гўзал фаслнинг гўзал айёми, сендан шодиёнаси кўпроқ, сендан ёруғ, сендан улуғ байрам яна қайда бор! Дўстижон, мен Наврўзни ҳам жуда-жуда соғинган эдим. Соғинчимни шеърга солсам, айбситманг:

 Хуш кунларни баҳорларга йўйдик, гарчи,

 Бир йилда бир қизғалдоқнинг юзин кўрдик.

 Ҳар саҳарда умид билан турдик, гарчи,

 Энг покиза туйғуларни ундан сўрдик... 

 Капалакнинг сасларини туйганмисиз,

 Сиз баҳорни менингдайин кутганмисиз?

 Дўстижоним, биздан қолар меҳр эмиш,

 Аччиқ сўзнинг оғудайин заҳри ўтар.

 Эзгу тилак дилни поклар - сеҳр эмиш,

 Не синоат – замин бизга гуллар тутар?..

 Дуо қилдим сизни неча, билганмисиз,

 Сиз Наврўзни менингдайин кутганмисиз?..

Далаларга чиқинг, кўкларни кўзингизга суртинг, дўстижон. Омонлиқ-сомонлиқ қилинг. Бу фаслни фариштаю малойиклар тилаб олди. Бобою бувиларимиз интиқ кутди. Қиш бўйи бир тоза ҳавас, бир гўзал бахт соғинчида энтикиб чиққан ошиқу маъшуқлар интиқиб кутди. Беморлар... худойимнинг кўнглига яқин бандалари – беморларнинг соғинчи эди бу фасл!..

Баҳорга етдик, дўстижон!..

Баҳорингиз муборак бўлсин!

Наврўзингиз қутлуғ келсин!

  Байрам АЛИ, Қамаши тумани

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!