Меню
Қашқадарё
Кўкдалани комплекс ривожлантиришга 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади
Қарор ва шарҳ
2022-2024 йилларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида бу янги туманда умумий қиймати 1 триллион 87,1 миллиард сўмни ташкил этадиган 190 та лойиҳа амалга оширилади.
Республика ҳукуматининг шу йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган мазкур дастурнинг мақсадли параметрларига кўра, Кўкдалада рўёбга чиқариладиган лойиҳаларнинг 34 таси (умумий қиймати – 198,9 миллиард сўм) саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини тараққий эттиришга, яна 76 таси (572,1 миллиард сўм) муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантиришга, қолган 80 таси (316,1 миллиард сўм) эса ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлашга қаратилган. Бу лойиҳаларни молиялаштириш учун турли манбалар, хусусан, республика бюджети (дастурга ажратилган маблағ умумий ҳажмининг 27,2 фоизи) ва маҳалий бюджет (5,4 фоиз), ташаббускорларнинг ўз маблағлари (31,5 фоиз), тижорат банкларининг кредитлари (15,2 фоиз), халқаро молия институтлари маблағлари (13,6 фоиз), хорижий инвестициялар (6,8 фоиз) ва мақсадли жамғармалар (0,3 фоиз) маблағларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Кластер ҳам саноат, ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам сервис тараққиётига ҳисса қўшади
Янги туман иқтисодиётининг учта асосий тармоғида ҳаётга татбиқ этиладиган лойиҳаларнинг кўп қисми (19 таси) қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келмоқда. Бу йўналишда “Chiroqchi klaster” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 миллиард сўм ҳисобидан 800 гектар ер майдонини ўзлаштириш, “Агрохимия универсал хизмат” МЧЖ томонидан қиймати 4,8 миллиард сўмга тенг агромарказ мажмуасини ташкил қилиш, “Кўкдала дон кластер” МЧЖ томонидан эса 1 миллиард сўм эвазига 40 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда. Аграр секторга доир лойиҳаларнинг қолганлари чорвачиликнинг турли тармоқлари – қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик, йилқичиликни ривожлантиришга йўналтирилган. Улардан, айниқса, “HB aspeset” МЧЖ лойиҳаси алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб, унинг доирасида 1 минг бош қорамолдан иборат чорвачилик комплексини очиш ва айни пайтда озуқа етиштиришни йўлга қўйишга умумий ҳисобда 6,5 миллион доллар хорижий сармоя жалб этиш назарда тутилган. “Chiroqchi klaster” МЧЖ, ўз навбатида, 500 бош қорамолга мўлжалланган мажмуани ташкил қилишга 21,5 миллиард сўм миқдорда инвестиция киритиш ниятида.
Умуман олганда, ҳудудда пахта-тўқимачилик кластери сифатида фаолият кўрсатаётган “Chiroqchi klaster” МЧЖ Кўкдалада нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бошқа тармоқларни ҳам ривожлантиришга астойдил бел боғлаган кўринади. Зеро у дастурдаги саноат соҳасига оид ягона лойиҳа, яъни йилига 3,6 минг тонна полиэтилен плёнка ишлаб чиқариш бўйича 5 миллиард сўмлик ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги 1,5 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича 36,8 миллиард сўмлик лойиҳаларни бажариш ташаббусини илгари сурган.
Дарвоқе, хизмат кўрсатиш тармоғида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг аксарияти бугунги кунда вилоятимизда анъанавийга айланган йўналишлар – тўйхона ва умумий овқатланиш шохобчалари, маиший хизмат мажмуалари ва ўқув курслари марказларини бунёд этишни қамраб олади. Уларнинг фонида “Одил” МЧЖнинг 300 ўринли меҳмонхона ва “Жаҳонгир медикал центр” хусусий корхонасининг 35 ўринли тиббиёт клиникаси фаолиятини ташкил қилишдан иборат бизнес-режалари янги туманда сервиснинг янги турларини ривожлантиришга қаратилгани билан ажралиб туради.
Дабдала йўллар равон бўлар экан-да?!
Кўкдаладан ўтадиган автомобиль йўлларининг ҳолати аҳолининг турли давлат органларига қилган мурожаатларида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам, қолаверса, одамларнинг ўзаро гурунгларида ҳам долзарб муаммо сифатида тез-тез тилга олинади. Шу боис туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида йўллар инфратузилмасини яхшилашга 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Бу пулнинг бир қисми, аниқроғи, 34,6 миллиард сўми маҳаллий аҳамиятдаги йўлларни таъмирлашга сарфланади. Хусусан, шу йилнинг охиригача Ғузор-Самарқанд йўлининг 83-85 километрлари оралиғидаги қисмини жорий таъмирлаб, маҳаллий йўл қуриш режа қилинган бўлса, келгуси йилда Яккабоғ-Чироқчи-Кўкдала-Шўрбозор йўлининг туман ҳудудидан ўтадиган 11 километрлик, Пўлати-Айритом йўлининг 10 километрлик, Кўкдала-Сойбўйи йўлининг 17 километрлик қисмларини қайта қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш мўлжалланмоқда. Пўлати-Айритом автомобиль йўлининг яна 20 километрлик ва Қозоқ-Нонхўр Чиял бозори йўлининг 2 километрлик қисмларини таъмирлаш ва тиклашга эса навбат 2024 йилда келади.
Шу билан бирга 2022-2024 йилларда туманнинг маъмурий марказида 5 километр узунликдаги янги ички йўллар қурилади ва 10 та маҳалла (Тўқмор, Утамайли, Бегламиш, Сойбўйи, Бахт, Хушали, Наймансарой, Умакай, Олин дала ва Аннарўз)даги ички йўллар таъмирдан чиқарилади. Бунга умумий ҳисобда 65,5 миллиард сўм ажратилади.
Шу давр ичида Кўкдалада электр таъминоти тизимини яхшилашга 61,5 миллиард сўм, газ таъминотига – 11,8 миллиард сўм, ичимлик суви таъминотига – 78 миллиард сўм, туман марказида оқова сув иншооти ва тармоғини қуришга – 26,1 миллиард сўм йўналтирилади. Ирригация ва мелиорация тизимини яхшилашга 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.
Ҳар бир хизмат уйи учун 1 миллиард сўмдан маблағ
Маълумки, Еттитом шаҳарчаси Кўкдала туманининг маъмурий маркази бўлиб, унда кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган дастурга биноан эса туман марказини ободонлаштириш, у ерда маъмурий бинолар ва хизмат уйлари қуриш ва сотиб олиш, шунингдек, кўп қаватли уй-жойларни қуриш ва таъмирлашга умумий ҳисобда 250 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Хусусан, 20 та арзонлаштирилган кўп қаватли уй-жойларни қуришга 84 миллиард сўм, туман давлат бошқаруви органлари учун маъмурий бино барпо этишга эса 80 миллиард сўм сарф этилади. Шаҳарчанинг меъморий қиёфасини замонавийлаштириш ва ободонлаштиришга 10 миллиард сўм йўналтирилиб, туман прокуратураси, давлат солиқ инспецияси, ички ишлар бўлими ва яна бир қатор идоралар учун бинолар қурилади. Айни пайтда 12 нафар мутасадди (туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, прокуратура ҳамда ИИБ ва солиқ инспекцияси ходимлари) учун хизмат уйлари сотиб олиш ва қуриш учун 12 миллиард сўм, яъни ҳар бир хизмат уйи учун 1 миллиард сўмдан харажат қилинади.
Шунингдек, туманда ташаббускорлар ва ҳомийлик маблағларидан иккита масжид қуришга 30 миллиард сўм ва еттита қабристонни таъмирлашга 870 миллион сўм сарфлаш кўзда тутилган.
Боғча ва мактабдан тортиб марказий шифохонаю маданият сароийгача
Дастур доирасида ижтимоий соҳа объектларидан, айниқса, янги давлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Аҳамиятлиси, барпо қилинадиган боғчаларнинг 9 таси республика бюджети ҳисобидан қурилса, яна 14 таси – ҳомийлик ва ташаббускорлар маблағлари эвазига, масалан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, Бош прокуратура, “Асака банк” АЖ, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, бошқа вазирлик, идора ва компаниялар масъуллигида бунёд этилмоқда. Шу тариқа жорий йилнинг ўзида Кўкдаланинг турли маҳаллаларида давлат мактабгача таълим муассасалари сони 14 тага, улардаги болалар қамрови эса 1830 та ўринга кўпайиши кутилмоқда. 2024 йилнинг охирига бориб ушбу рақамлар тегишли тартибда яна 9 ва 1080 тага ошади, яъни дастур доирасида туманда умумий қуввати 2910 ўриндан иборат 23 та янги давлат МТТ очилиб, фаолият бошлайди. Бунга юқорида кўрсатиб ўтилган манбалардан 144,5 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланади.
Туманда 3 та янги умумтаълим мактабини қуриш, 15 тасини реконструкция қилиш ва 1 тасини мукаммал таъмирлашга умумий ҳисобда 101 миллиард сўм йўналтириш режалаштирилган бўлиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона, иккита кўп тармоқли поликлиника ҳамда туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматлари биноларини бунёд этиш ва Чиял қишлоғидаги туғруқ комплексини қайта қуришга 21,5 миллиард сўм ажратилмоқда.
Дастур доирасида, шунингдек, 400 ўринли маданият саройи, IT-парк, давлат хизматлари маркази, кўплаб маҳаллаларнинг маъмурий бинолари қад ростлайди. Туристик инфратузилмани ривожлантиришга 4 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиб, Мирзаёр халифа зиёратгоҳига борадиган йўл таъмирланади, Қоратепа ва Хазарбуқатепа археологик ёдгорликларида ўрганиш ишлари олиб борилади, сайёҳлар учун 3 та ахборот маркази ташкил этилиб, бошқа бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ҳукумат қарорида 2022-2024 йилларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг асосий устувор йўналишлари ҳам белгиланган экан, уларни ҳисобга олган ҳолда, бир қатор вазирлик, идоралар ва вилоятимиз ҳокимлигига муҳим вазифалар юклатилган. Бу вазифалардан бири уч ой муддатда маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва “драйвер соҳалари”дан келиб чиқиб, қўшимча инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва дастурга киритиш учун ҳукуматга тақдим этишдан иборат. Ҳужжатда, шунингдек, туман марказида давлат-хусусий шериклик асосида маданият ва истироҳат боғини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш, ҳудудда “Ишга марҳамат” мономаркази ва касбга тайёрлаш марказларини очиш, Пахталисой маҳалласида “Айритом” кичик саноат зонаси фаолиятини йўлга қўйиш учун 14 километр табиий газ ва электр энергияси тармоқларини тортиш масаласини ўрганиб чиқиш, 69 гектар лалми ерларни сув билан таъминлаш учун ер ости сув манбалари бўйича тегишли хулоса бериш сингари қатор топшириқлар ҳам жамланган. Демак, Кўкдалани комплекс ривожлантириш дастури яқин вақт ичида янада кенгайиб, уни ҳаётга татбиқ этиш учун сарфланадиган маблағ ҳажми ҳам кескин кўпайиши мумкин. Буларнинг барчаси эса пировардида янги туман аҳли турмуш даражасининг янада ошишига хизмат қилади.
Кўкдала тумани ҳокимлигининг расмий Telegram-каналидаги суратлардан фойдаланилган.