Меню

Қашқадарё

01.07.2017 2446

КЎКДАЛАЛИКЛАР ҚАНДАЙ БОЙИЯПТИ?

Маълум бўлишича, овоза сабабчиси Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғи одамлари экан. Мазкур ҳудуд аҳолиси миришкорлиги билан донг чиқарган. Мамлакатимиз бўйича бозорга биринчилардан бўлиб тарвуз чиқаришда уларга етадигани йўқ, десак адашмаймиз. Кўкдалаликлар плёнка остига уруғ экиб, барвақт маҳсулот етиштиришнинг ҳадисини олган. Тиниб-тинчимас қишлоқ деҳқонлари янгиликка ўч. Мана бунинг яна бир ёрқин исботи. Жорий йилда улар тажриба тариқасида тарвузнинг ноёб навини парваришлабди. Маҳсулот аллақачон бозор кўрганидан ҳам билиш мумкинки, улар бу борада муваффақият қозонган. Кўкдала тарвузчиларининг бу илғорлиги уларга яна бир машҳурлик олиб келди. Айни вақтда мағзи сариқ тарвузни  татиб кўриш иштиёқида бўлганлар талайгина.

Ўринли савол туғилади: хўш, улар ушбу натижага қандай эришишди? Бунинг сирларидан воқиф бўлиш ниятида Кўкдала қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Умар Жулбуловга мурожаат қилдик. Оқсоқолнинг айтишича, бу ишни уддалаган инсон тарвузчиликда кўп йиллик тажрибага эга Бўрхон Ирисов экан. Умар Жулбулов ҳамроҳлигида Бўрхон Ирисовнинг даласи томон йўл олдик.

– Ютуқларимиз замирида меҳнат, боқимандалик кайфиятидан қутулиш ётибди, – дейди Умар Жулбулов. – Қишлоғимизда ҳамма хонадон томорқага эга. Бизни  кийдирадиган, тўйдирадиган ҳам шу ер. Шунга кўра унинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланаяпмиз. Рости, бу машғулотимиз ортидан келаётган даромад баракали.

Ана шу баракадан баҳраманд инсонларни бугунги кунда Кўкдалада истаганча топасиз. Улар плёнка остида эртачи сабзавоту полиз экинлари парваришлашади. Табиийки, экин майдонининг асосий қисми тарвуз етиштириш учун ажратилган. Аҳоли маҳсулотни бозорга имкон қадар эртачи чиқариш мўмай фойда келтиришини аллақачон тушуниб етган.

- 2000 йилдан буён плёнка остига тарвуз экиш билан шуғулланиб келамиз, - дейди Бўрхон Ирисов. – Тажрибамиз ошиб, қўшимча ер олиб фермер хўжалиги ташкил қилдик. Ҳар йили 5 гектар майдонда тарвуз парваришлаймиз. Ички бозорни таъминлаяпмиз, чет элга ҳам биздан олиб кетишаяпти.  Даромадимиз шунга яраша. Бу йилдан эса қизиқишга тарвузнинг янги навини етиштира бошладик. Мағзи сариқ эканини билмасдик. Бир сотувчи шу уруғдан ҳам экиб кўришни тавсия қилганди. Одатдагига кўра парваришладик. Унинг афзаллик томони бу нав тарвузлар бошқаларига қараганда бир ой илгари етилар экан. Пишганидан бирини сўйиб кўрсак, бу аҳвол. Меваси думалоқ, чўзинчоқ, оч яшил чизиқли, ўртача оғирлиги 2,5-3,5 килограммгача етади. Таъми ҳам қизил мағизли тарвуздан қолишмайди. Ширин бўлса бордир, лекин кам эмас. Энг муҳими,  бу серҳосил нав экан, маҳсулот экологик тоза, соғлиқ учун зарарсиз. Келаси мавсум бу тарвуздан кўпроқ экмоқчимиз.

Чор атрофга, қишлоқ одамларига разм соламан. Бугунги манзара бутунлай бошқача. Одамлар жўшқинлик, кўтаринки кайфият билан меҳнат қилмоқда. Рўзғорини бутлаяпти. Турмуш фаровонлашиб, тўй-томошалар кўпаймоқда. Ўзидан орттириб, хайрли ишларга бош қўшишга қурби етаяпти. Кези келганда, тап тортмай янгиликларга қўл ураяпти, шов-шувли натижаларни қўлга киритаяпти.

98 ЁШЛИ БОFБОН МОМО

Юз ёшни қаршилаш арафасида турган Холдор Қурбонова ҳаётнинг кўп синовларини бошдан ўтказган.

У турмушга чиққандан сўнг уйда ўтириб қолмади. Турмуш ўртоғи билан ёнма-ён далада меҳнат қилди. Кейин турмуш ташвишлари...

Бирин-кетин фарзандлар дунёга кела бошлади. Уларни тарбиялаш билан бирга хўжаликда ҳам ишлади. Астойдил меҳнат қилди. Айниқса, фронт ортида барчага ибрат бўлиб, эл маъмурчилиги йўлида тиним билмади. 40 йилдан зиёд вақт мобайнида ипак қурти парваришлади.

Орадан қанча йиллар ўтди, қанча сойлар тўлиб сувлар оқди. Йиллар силсиласи Холдор момонинг пешонасига ажинлар солди. Бугун момо фарзандлари, юздан зиёд невара, чеваралари даврасида инсон қадри юксак қадрланган мана шундай дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб яшамоқда.

- Биринчи Президентимизнинг бир гаплари бор эди, - дея эслайди Холдор момо. - “Ишланглар, барака топгурлар, ишланглар”, дер эдилар.  Мен ҳам мана шу ақидага амал қиламан. Ҳар куни эрталаб туриб, боғни айланаман, бирор юмуш бўлса, ўзим бемалол бажараман. Болаларимга эса ҳар куни шу гапни такрорлашдан чарчамайман.

Момонинг тилидан шукрона тушмайди. Суяги меҳнатда қотган. Момонинг саъй-ҳаракати билан бунёд бўлган боғга унинг номи берилган. Холдор момонинг бир одати бор. Ҳар сафар пенсия олганида бир қисмини алоҳида ажратиб қўяди. Баҳор келиши билан эса бозорга бориб, кўчат танлаб, сотиб олади ва боғига қадайди. Бу удум бир неча йилдан буён такрорланади. Айни вақтга келиб, боғдаги мевали дарахтлар сони 200 тага яқинлашиб қолган. Ҳар бири мўл ҳосил беради. Пишиқчилик пайти йиғиб-териб олинган меваларнинг бир қисми қўни-қўшни, қариндош-уруғга тарқатилса, қолгани бозорга олиб чиқиб сотилади.

ЁЗДА ҲАМ, ҚИШДА ҲАМ

мўл ҳосил – оилавий даромад ошишида муҳим омил

Кўкдалада ўз меҳнати, тадбиркорлиги билан кафтдек томорқани хазинага айлантириб, етиштирган маҳсулотлари билан бозорларимизни тўлдираётган, шу билан бирга хонадонига қўшимча даромад, фаровонлик олиб келаётган оилалар кўпчиликни ташкил этади.

Бу ерда, айниқса, иссиқхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида ўзига хос тажриба тўпланган. Миришкорлар йилнинг тўрт фаслида бозорни сифатли ва сервитамин помидор, бодринг, зираворлар билан таъминлайди.

- Бир пайтлар фақат чорва озуқаси етиштирилган томорқаларнинг яхшигина қўшимча даромад манбаига айланаётгани ҳар қарич ердан фойдаланишнинг сердаромад йўлларини излаб топишга ундамоқда, - дейди Умар Жулбулов. - Шу мақсадда иссиқхона барпо этиб, лимон, бодринг, помидор, турли сабзавот ва кўкат етиштириш, бир йилда икки-уч марта ҳосил олишга интилиш, иштиёқ кучайди. Хонадонлардаги иссиқхоналарда парваришланаётган ушбу маҳсулотлар оилаларга қиш фаслида ҳам яхшигина даромад келтирмоқда. Минерал ўғит, уруғ етказиб берадиган шохобчалар ташкил этилиб, шу маҳсулотлар учун имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ва ҳовлисининг обод, турмушининг фаровон бўлиб бораётганидан маҳалла аҳли жуда мамнун.

Ушбу маҳаллада яшовчи Тўлқин Сайфуллаев ўз маблағи ҳисобидан дастлаб 2 сотих ерда иссиқхона барпо этди.

- Биринчи йили иссиқхонамизда помидор ва бодринг экдик, - дейди Тўлқин Сайфуллаев. - Ҳар иккаласининг иқлимимизга мос ва ҳосилдорлиги юқори навларини танладик. Бу борада энди иш бошлаганимизга қарамасдан воҳамиз бозорларига жорий йил бошидаёқ дастлабки маҳсулотимизни чиқаришга муваффақ бўлдик. Энг муҳими, тажрибали деҳқонлардан тавсиялар олдик. Иссиқхона хўжалиги услубларини ўзлаштиришга ҳаракат қилдик. Ростини айтсам, ўзим бу соҳага оид қўлланмаларни ўқиб, технологиясини обдан ўргандим. Бунда асосан экиш муддатларига риоя қилиб, сифатли уруғдан фойдаланиш, агротехника юмушларини ўз вақтида бажариш ва етиштирилган маҳсулотни сотишни тўғри ташкил этиш лозим. Ишлаган, меҳнат қилган одам кам бўлмас экан.

Илгари маҳалла аҳолисининг аксарияти кундалик эҳтиёж учун зарур помидор, бодринг ёки бошқа резаворларни бозордан харид қиларди. Кейинги йилларда рўзғор учун керакли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли томорқаларида етиштирилмоқда. Бу ортиқча харажатларнинг олдини олиб, оила бюджетини тежаш имконини бериши баробарида, аҳолининг бўш вақтини самарали ўтказиш, фарзандларида меҳнатга меҳр ва кўникмани шакллантириш имкониятини яратмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун юртимиз одамларининг ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгарган. Сидқидилдан меҳнат қилган киши ризқини ортиғи билан топиб, рўзғорини яшнатмоқда. Бу Чироқчининг Кўкдаласида  истиқомат қилаётган, мўъжазгина ердан унумли фойдаланиб, фарзандлари учун тўй-томошалар қилаётган, уй-жойлар қураётган, замонавий енгил машина сотиб олаётган оилалар мисолида исботлангани аҳамиятга моликдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!