Меню
Қашқадарё
Кўкдала туманининг ташкил этилиши аҳоли учун қандай қулайликлар яратади?
Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилди.
Парламент юқори палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Кўкдала туманини ташкил этилишига сабаб бўлган асосий омиллар алоҳида қайд этиб ўтилди. Маълумотларга кўра, Чироқчи туманига 1926 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 420 минг кишини, умумий ер майдони 2,8 минг квадрат километрни ташкил этади. Бугунги кунда туманда жами 2 137 та корхона, шундан 324 та саноат корхонаси мавжуд бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 7,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, туманда 45 мингдан ортиқ тарбияланувчиси бўлган 230 та мактабгача таълим ташкилоти, 93 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган 234 та умумтаълим мактаби ҳамда 8 та оилавий поликлиника фаолият юритиб келмоқда.
Қайд этилганидек, бугунги кунда туман марказидан энг чекка қишлоққача бўлган масофа 65-100 километр, жумладан, Тошли қишлоғигача – 100, Сарсон қишлоғигача – 93 ва Қуруқсой қишлоғигача – 65 километрга тенг. Бу эса аҳолининг туман марказига бориб-келиши учун 2-3 та йўловчи транспортидан фойдаланишига ва бир кун йўқотилишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, Чироқчи туманда 2021 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 миллион сўм (вилоятда 5,5 миллион сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 миллион сўм (вилоятда 8,7 миллион сўм), хизматлар ҳажми эса 1,8 млн сўм (вилоятда 3,9 миллион сўм)ни ташкил қилиб, бу кўрсаткичлар бўйича мазкур ҳудуд вилоятда энг охирги ўринда турибди.
Шунга кўра, Чироқчи туманида яшаётган аҳолига ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда вилоятда режалаштирилаётган ўзгаришлар, урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, айниқса аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ушбу туманнинг бир қисмида Кўкдала туманини ташкил этиш ҳамда унинг марказини Олтин дала ва Хўжаобод маҳалла фуқаролар йиғинларидан иборат Еттитом шаҳарчаси этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани таркибига Чироқчи туманида истиқомат қилаётган 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисмини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Кўкдала тумани таркибига 162 та саноат корхонаси ва 1 та кичик саноат зонаси (Айритом) ўтказилиб, улар ҳиссасига Чироқчи туманида 2021 йилда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 151,9 миллиард сўми ёки 38 фоизи тўғри келади.
“Айритом” кичик саноат зонасининг 7 гектар майдонига муҳандислик-инфратузилма объектлари қурилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Халқаро аҳамиятдаги 94 километр йўл бўйида 150 та хизмат кўрсатиш объектлари (516 та иш ўрни), Еттитом ҳудудидан ўтган А-378 автомагистраль йўли ёқасида 6 гектар ерда хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари ташкил этилади. 10 минг гектар лалми ва адир ерларда томчилатиб суғориш технологияси асосида боғ-токзорлар ташкил этилади.
Бу эса Кўкдала тумани таркибига ўтказилаётган аҳолига қулай шароитлар яратилади ҳамда туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ошишига хизмат қилади.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонунга биноан, вилоятлар туманларини тузиш ҳамда тугатиш Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тегишли вилоятлар ҳокимларининг илтимосномалари асосида амалга оширилади.