Меню
Қашқадарё
Кўкдала тарвузчилари – яна биринчилар сафида
Кўкдала туманидаги сабзавотчилик ва полизчиликка ихтисослашган “Ражаб ҳожи” фермер хўжалигида тарвуз пишиб етилди.
Хўжалик раиси, машҳур полизчи Улуғбек Жуманазаровнинг маълум қилишича, ўзининг эртапишарлиги, юқори ҳосилдорлиги ва узоқ масофага транспортда ташиш учун қулайлиги билан ажралиб турадиган Dolby F1 навли тарвуз уруғлари ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида махсус иссиқхоналарга экилган. Аномал (минус 22 даражагача) совуқ кузатилган кунларда ҳам тарвузчилар кўчатларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишган ва апрель ойнинг ўрталарига келиб ҳосил олишмоқда. Фермер хўжалигида 6 гектар майдонда тарвуз экилган бўлса, 2 гектардаги маҳсулот пишиб етилиб, сотишга тайёр ҳолга келган. Қолгани кейинги 1,5 ой давомида пешма-пеш етилиб, савдога чиқарилади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда ҳам вилоят ва республика миқёсида биринчилардан бўлиб бозор ва супермаркетлар ҳамда экспортга тарвуз етиштириб жўнатаётган кўкдалалик полизчилар бу йил жами 20 минг гектар ерда тарвузнинг эртапишар, ўртапишар ва кечпишар навларини экишни мўлжал қилишган.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар