Меню

Қашқадарё

28.05.2019 1707

КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ ҚАЧОН КУЧГА КИРАДИ?

Хўш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

Ушбу масала Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги "Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги "Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорлари ва улар билан тасдиқланган низомлар асосида ҳал қилинади.

Шу ўринда, кўчмас мулк объектларига нималар киришига изоҳ бериб ўтиш зарур.

Фуқаролик кодексида мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлиниши, кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулкллар кириши кўрсатилган. Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчмас мулкка эгалик ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Шуни унутмаслик керакки, биринчидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқи ушбу ҳуқуқлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради. Иккинчидан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилган кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Энди кўчмас мулк объектлари қаерда рўйхатдан ўтказилиши, унинг тартиби ҳақида тўхталсак.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлари вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар)даги филиалларида давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу ишга раҳбар томонидан масъул шахслар тайинланади. Кадастр паспортини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан белгиланади.

Мулкдор тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан кўчмас мулк жойлашган жойдаги Давлат хизматлари марказига ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали воситасида, гаров хати расмийлаштирилганда эса - кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилиши керак. Масъул шахс ҳужжатлар келиб тушгандан эътиборан икки иш куни давомида давлат рўйхатидан ўтказиши лозим. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганда икки иш кунида рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, бу ҳақда Давлат хизматлари марказига ёзма равишда хабар қилинади.

Кўпинча ана шу жараёнда кузатиладиган айрим ҳолатлар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги мурожаатларга сабаб бўлади. Уларга асосан ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2019 йил 11 мартдаги қарори билан тасдиқланган Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомдан келиб чиқиб ечим топиш мумкин.

Бу тоифадаги мурожаатлар тегишли ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси қошидаги доимий равишда фаолият юритадиган комиссия томонидан кўриб чиқилади. Корхона раҳбари буйруғи асосида тузиладиган беш кишилик комиссияга тегишлигига кўра ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри, қурилиш ва солиқ идоралари ходимлари киритилади. Келиб тушган мурожаат 10 кун муддат ичида кўриб чиқилиши керак. Мурожаат юзасидан чиқарилган қарор бўйича хулоса ёзилади. Комиссия рўйхатдан ўтказишни рад қилган масъул шахснинг қарорини бекор қилишга ҳақлидир. Комиссиянинг қарори асосида уч нусхада хулоса расмийлаштирилиб, бир нусхаси манфаатдор шахсга берилиши керак. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг қарори билан Апелляция комиссияси тузилади. Комиссия хулосасидан норози бўлган шахс 10 кун давомида Апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин. Бу  турдаги мурожаат ҳам 10 кун ичида кўриб чиқилиши керак.

Президентнинг 2019 йил 5 апрелдаги 4270-сонли қарори ҳам  кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.

Биринчидан, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб нотариал ҳаракатлар асосида вужудга келадиган Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мол-мулкка, 2020 йил 1 январдан бошлаб вилоятларда жойлашган кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат давлат нотариал идорасининг талабномасига асосан нотариуслар томонидан киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади. Иккинчидан, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб уй-жойга мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси тижорат банклари томонидан вилоятлар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда киритилади. Учинчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк объектини "E-IJRO AUKSION" Ягона электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотиш ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш натижасида вужудга келадиган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан вилоятлар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юборилади. Ўзгаришларга биноан, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза ёзилмайди ҳамда энди рўйхатга олиш йиғимлари ундириладиган бўлди.

Фуқаролик кодексининг 84-моддасида кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқий саводхон бўлиш эса ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ. Қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг кўчмас мулк билан боғлиқларини билиш ҳар бир фуқарога мулкини дахлсиз сақлаш имкониятини беради.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!