Меню

Қашқадарё

27.04.2022 1645

ЙПХ ХОДИМИГА ТАШЛАНГАНЛАР ҚАМАЛАДИМИ?

   

    26 апрель куни Чироқчи туманида ЙПХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида юз берган жанжал ҳақидаги видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тез тарқалди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати расмий баёнот берди.

Маълум бўлишича, Чироқчи тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан туман марказидаги “Озиқ-овқат деҳқон бозори” МЧЖ атрофида жамоат тартибини сақлаш ҳамда автомашиналар тирбандлигининг олдини олиш мақсадида махсус автомашина ва овоз кучайтиргич мосламаси билан хизмат олиб борилган.

Шу жараёнда фуқаролар хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатган. Улардан бири патруль автомашинасининг олд ўриндиғида бўлган ЙПХ катта инспектори Б.Каримовнинг хизмат кийимидаги погони, боди камераси ва кўкрак нишонини юлиб олган. Натижада ходимлар томонидан қўшимча кучлар чақиртирилиб, жамоат тартиби тикланган.

Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган фуқаролар Ш.Б., Н.Б., Н.Д. ва Қ.А. шахси аниқланиб, ҳозирда уларга нисбатан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатишга доир 219-моддаси иккинчи қисмига кўра, ... қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!