Меню
Қашқадарё
ЁЗГИ МАВСУМНИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН
Маълумки, 2017 йилги ёз мавсумида 28 минг нафар бола вилоятимизнинг тоғли ҳудудларидаги 19 та стационар оромгоҳда дам олдирилди. Мазмунли ҳордиқ чиқаришни таъминлаш мақсадида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича вилоят мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан қатор ишлар қилинди. Ўқувчиларнинг ёзги таътилини намунали ташкил этиш мақсадида касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Табиат қўйнидаги оромгоҳлар билан бирга мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳларда ҳам минглаб ўғил-қизлар ҳордиқ чиқаришди. Айни пайтда кам таъминланган, эҳтиёжманд, серфарзанд оилаларнинг болалари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, Қорақалпоғистон Республикасидан келган ўқувчилар имтиёзли дам олдирилди.
Оромгоҳларда маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий лойиҳалар, кўрик-танловлар, санъат байрамлари, спорт мусобақалари ўтказилди. “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Соғлом бола – юрт келажаги”, “Бу менинг Ватаним!” мавзуларидаги ранг-баранг тадбирлар, спорт мусобақалари, экскурсиялар ўқувчи-ёшларда катта таассурот уйғотди.
Анжуманда “Энг фаол етакчи”, “Энг фаол ички ишлар идоралари ходими”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг намунали оромгоҳ”, “Энг ғамхўр ҳомий”, “Энг яхши ҳамкор” номинациялари бўйича ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Концерт дастури барчага завқ улашди.
Т.ПЎЛАТОВ