Меню

Қашқадарё

13.07.2017 2578

ЁЗДА ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШ КЕРАК?

Иссиқ ўлкаларда ҳазм ва озиқланиш физиологияси бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, ёз ойлари овқатланишнинг мақсадга мувофиқ бўлиши ва у билан боғлиқ касалликларнинг келиб чиқмаслиги учун баъзи қоидаларга риоя қилиш тавсия этилади. Масалан, одамлар қиш, баҳор фаслларидан ёзги мавсумга ўтишда кийинишини ўзгартиргани сингари овқатланишда ҳам мос рационни кўриб чиқиши лозим. Бунда таом таркиби, миқдори ва сифати иссиқ иқлимга баланслаштирилиши керак. Овқатланишда рациондаги оқсилларнинг умумий миқдори 15 фоиздан ошмаслиги талаб этилади. Оқсил манбаи ҳисобланган қўй, мол, парранда гўштлари ҳамда балиқ маҳсулотлари сут-қатиқ билан алмаштирилиши мақсадга мувофиқ. Сут, қатиқ, сузма ва бошқа шунга ўхшаган маҳсулотларда ҳам организмга керак бўладиган оқсиллар мавжуд. Улар организмни керакли моддалар билан талаб даражасида таъминлаб туриши мумкин. Мавсумда сергўшт, қовурилган, ёғли ва дудланган таомларни истеъмол қилишдан бироз чекланмаса, танада кислота кўпаяди. Ёз кунлари ширинлик ва пишириқлар истеъмолини ҳам бирмунча камайтирган маъқул. Уларнинг ўрнига турли-туман мева, полиз маҳсулотлари истеъмол қилишни кўпайтириш фойдалироқдир.

Шунингдек, жазирамада энг кўп истеъмол қиладиганимиз – сув. Чанқаганда совуқ сув ичиш ўрнига асосий эътиборни кўк чой ва ҳар хил ўтлардан тайёрланган экстрактларга қаратиш керак. Чунки улар организмдаги чанқоқни узоқроқ қондириб туриш хусусиятига эга. Айниқса, бу нарса ёз кунлари жисмоний  фаолият билан кўпроқ шуғулланадиган одамларга тегишли. Чунки уларнинг организми бошқаларга нисбатан кўпроқ сув йўқотади. Иссиқ кунларда спиртли ичимликларни, қора чой ҳамда кофе ичмаган маъқул. Шунингдек, газли, ширин ичимликлар ҳам чанқоқни қондиришга ярамайди.

Яна шу нарса муҳимки, ёзги овқатланишда истеъмол қилинадиган турли-туман таомлар миқдори, масалан, шўрва, палов, лағмон, чучвара ва бошқалар одатдагидан бироз кам бўлгани маъқул. Аксинча ёз кунлари ниҳоятда тўйиб овқатланиш ошқозон-ичак функциясининг бузилишига олиб келишини унутмаслик лозим. Иштаҳани “жиловлаб” туриш учун ёзда нонушта, тушлик ва кечки овқатлар орасида камида 2 марта мева-чева ва полиз  маҳсулотларидан тамадди қилиб олган маъқул.

Соҳа мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, ҳафтада бир кун аниқ бир белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан енгил овқатланиш, яъни парҳез таомланиш саломатлик учун муҳим аҳамиятга эга экан. Бундай пайтлари кун давомида бўлиб-бўлиб фақат 1-1,5 литргача қатиқ ичилади ёки 2,5-3 килограммгача тарвуз ёки шунча миқдордаги бодринг, олма ва бошқа мевалар истеъмол қилинади. Бундай парҳез ортиқча вазн ёки семизлик таъсиридан азият чекувчилар учун айниқса асқатади. Уни имкон қадар дам олиш кунларига белгилаган маъқул. Бу жараён ҳаммада ҳам силлиқ ўтавермайди, айрим кишиларда бош айланиб, қайт қилиш, беҳузур бўлиш ҳоллари кузатилади. Бунда парҳез дарҳол тўхтатилиши керак.

Таом тайёрлашда масаллиқларнинг эскирмаганига эътибор қаратиш муҳим. Бизнинг шароитимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори ҳарорат таъсирида айниши, бузилиши туфайли заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Ёз кунлари қиймаланган гўшт, балиқ, калла-почалардан тайёрланган сомса, котлет, чучвара, мантилар истеъмолида ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Уй бекаларимиз қиймаларни бевосита таом пиширишдан олдин тайёрлашса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Юқорида ёз кунлари сут ва сут маҳсулотларидан кенг  фойдаланиш лозимлиги ҳақида гапириб ўтдик. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ушбу маҳсулотлар иссиқ пайтлари тез бузилади. Шунинг учун улар плюс 4 даражадан юқори бўлмаган ҳароратда (совуткич ва музлаткичларда) сақланиши лозим.

Айтилган тавсияларимиз асосида ёзги овқатланиш тартибига ўзгартириш киритишни секин-асталик билан амалга оширган маъқул. Чунки кескин ва дарҳол амалга оширилган ўзгариш организмга зарар етказиб қўйиши мумкин. Асосийси, ҳар бир киши иштаҳаси ва ҳолатига қараб таом тайёрлаб, истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ. Фақат уларни еганда ҳузур-ҳаловат бағишловчи бўлса, кифоя.

Ш.ҚУРБОНОВ,

биология фанлари доктори, профессор

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!