Меню
Қашқадарё
Ёшни ёш десанг...
Одатда фоҳишабозлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпинча бебош ёшлар орасида учрайди. Уларнинг саёқ юришини назорат қилмаган ёки вояга етгандан кейин ҳам уйлантириб қўйишни ўйламаган ота-она шаънига ҳар қанча сўкиш айтсанг кам.
Аммо бу ишга ёши бир жойга бориб қолган, бола-чақали, ҳатто неварали одамлар қўл ураётганини қандай тушунса бўлади?
Мисол учун, Китоб тумани Боғбон МФЙ Айрончи қишлоғида яшовчи Ж.Хидиров ва А.Қўчқоров нақ 60 ёшга киришибди. Одатда бу ёшдаги одам тақво йўлини тутади, хатоларидан хулоса чиқариб, ёшларга тўғри йўл кўрсатади, панд-насиҳат беради. Аммо кексаларнинг ўзи пандга, насиҳатга муҳтож бўлса-чи?!
Ёши катта бу икки одам Ж.Хидировнинг уйига Шаҳрисабз тумани Қутчи МФЙ Чуқун қишлоғида яшовчи, 1984 йилда туғилган Х.Худойбердиева ва Бешкапа қишлоғида яшовчи, 1989 йилда туғилган Г.Джабборовани олиб келишибди ва 38 минг сўм бериб, уларнинг "хизмат"идан фойдаланишибди.
Ғузор тумани Хўжагузар маҳалласида яшовчи Ў.Хамраев эса 62 ёшда бўлишига қарамай қўшмачилик қилишдан уялмаганини кўринг. У тумандаги Чаноқ маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Ж.Ғаниев ва Обод маҳалласилик, 1991 йилда туғилган Л.Чориевага шароит яратиб бериб, эвазига 100 минг сўм олибди.
Қонуний жазони-ку олишди, аммо бундан қандай хулоса чиқаришди, шаънига тушган доғни қандай кетказишмоқчи экан?!
Албатта, ҳамма ёппасига қонунни бузаётгани йўқ. Риоя қилаётганлар ҳам кўпчилик. Мисол учун, қурол топширишни олайлик. Биласиз, Жиноят кодексига кўра, фуқаролар қурол сақлашига рухсат берилмайди. У ота-бобосига тегишлими, қаердадир кўздан панада қолиб кетганми, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топширилиши керак. Шунда ўзигаям, бошқаларгаям яхши бўлади. Ўйлаб кўринг-да, бировнинг уйида қурол бўлсаю, у бундан бошқаларга таҳдид мақсадида фойдаланмаслигига ким кафолат беради?
Қамаши тумани Савсан қишлоғида яшовчи Н.Омонов буни тўғри англаганлардан экан. У марҳум отасига тегишли 16 калибрли ўқотар ов қуролини туман ИИБга топширди.
Қарши тумани Чўлибўстон маҳалласида яшовчи М.Яхшиев эса марҳум бобосидан қолган 5,6 калибрли ўқотар ов қуролининг 44 та патронини ички ишлар ходимларига келтириб берди.
НАСРИДДИН