Меню

Қашқадарё

27.09.2018 2161

ЁШЛИК ДАВРИДАН УЗОҚЛАШИБ БОРГАНИМИЗ САРИ УНИНГ ЖОЗИБАСИ ОРТИБ БОРАДИ

Шу нуқтаи назардан олганда, битикларда яшаш завқи ва тушкунлик, муҳаббат ва нафрат, адолат ва ҳақсизлик, сахийлик ва хасислик, ишонч ва умидсизлик, бойлик ва қашшоқлик, шукрона ва кўрнамаклик, андиша ва бетгачопарлик, ҳавас ва ҳасад, эзгулик ва ёвузлик бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Масалан, “Айбсизлар ўзини оқлашга ҳаракат қилмайдилар” фикрининг ўзида адолат бор жойда ғирромлик бўлмаслигига ишора мавжуд. Худди шунингдек, “Мағлубларнинг авлодлари ҳам ғолибларга тош отадилар” ёхуд “Амалсизу камбағалнинг асосли фикри ҳам кам инобатга олинади”, “Амалдорлар атрофида юрсанг хизматкорга, бойлар ёнида юрсанг тиланчига айланиб қолишинг мумкин”, “Бекорчилик – ақлли одамлар учун энг оғир меҳнат” каби ибратли ҳақиқатлар барча учун аҳамиятлидир.

Битиклар ўқувчини бир зум бўлса-да, ўйга толдиради, инсоний фазилатлар тўғрисида фикр юритишга даъват этади: “Ўзингиз ҳақингизда айтилаётган ҳар хил миш-мишларга эътибор бераверсангиз, олдинга интилишингиз қийин кечади”, “Ёшлик давридан узоқлашиб борганимиз сари унинг жозибаси ортиб боради”.

Биламизки, порахўрлик тараққиётга ғов ва ҳалолликнинг энг биринчи душманидир. Абдишукур Омонов жамиятда бу иллатнинг “ивирсиб” юришини лўнда қилиб шундай изоҳлайди: “Пора олувчилар пора беришни, пора берувчилар пора олишни одат тусига айлантириб оладилар” ёинки “Аллоҳдан қўрқишни, элу халқдан уялишни билганлар кўплаб ёмон одат ва иллатлардан холи бўладилар”.

Жамиятимизда яна бир иллат бор, бу – боқимандалик. Турган гапки, боқиманда киши ҳаётда интилиб яшамайди, фақат бошқаларнинг ҳисобига кун кўришни афзал билади. Бундай кимсаларнинг халқ дарди ва юрт тараққиёти    билан заррача ишлари йўқ. Бошқача айтганда, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди ёки улар наздида “ўзим турган тепа омон бўлса бас”. Муаллиф бу иллат эгаларига шундай тавсиф беради: “Боқимандани боқаверсанг, боқимандалар кўпайиб бораверади”.

Биламизки, ҳақиқий раҳбарлик том маънода ҳузур-ҳаловатдан кечиш, фидойилик, заҳмат, ўз дардини унутиб, юрт ва халқ ташвиши билан яшаш, бошқача айтганда, ўзини ва ўзлигини Ватан ва халққа бахш этиш демакдир. Абдишукур Омонов кўп йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаб, унинг “тузи”ни татиб кўрган, раҳбарликнинг оғир “юки”ни теран англайди. Шу сабаб унинг барча китобларида шу ҳақда албатта сўз боради: “Мансабу амал учун билдирилаётган мақтовлар, кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор ўткинчидир”, “Халқ дарди раҳбарлар дардига айланса, тезроқ шифоси топилади”.

Тағин бир ҳақиқат йиллар давомида юрагим тубидан жой олган: дейлик, жамоада ходим – у ақлли ёинки ақлсиз бўладими, билимли ёки саводсиз, ҳалол ва диёнатли ёки ўғри, муттаҳам, меҳнатсевар ёхуд ғийбатчи ва чақимчи бўладими, буларнинг барчаси ўша жамоа раҳбарининг ақл-заковати ва савияси қай даражада эканлигига боғлиқ. Халқимизда ҳам бир ажойиб нақл бор: дўстинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман. Назаримда мазкур мақол замиридаги фикрлар Абдишукур Омонов битикларида ҳам акс-садо бергандек: “Маънавиятсиз раҳбарлар ўз атрофига жоҳил ва худбин ходимларни тўплаб олади”.

Умуман олганда, ушбу битиклар нафақат катталарни, балки ёшларни ҳам ҳаётга теран боқишга, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка, ҳаётда нолиб эмас, шукрона билан яшашга ундайди.

Абдуқаюм БЕККАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!