Меню
Қашқадарё
Ёшларнинг бирортаси эътиборсиз қолмайди
30 июнь – Ёшлар куни арафасида Китоб туманида давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож “оғир” тоифадаги ёшлар билан ишлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган мазкур “йўл харитаси” билан туманда яшовчи 3 минг нафардан ортиқ, шу жумладан, хорижий миграциядан қайтиб келган 1267, ногиронлиги бор 859, профилактика ҳисобидаги 211, пробация назоратидаги 51 нафар ёш, шунингдек, нотинч оила фарзандлари, “Меҳрибонлик” ва оилавий болалар уйлари ҳамда SOS болалар маҳаллалари тарбияланувчилари, сурункали касаллиги мавжуд бўлганлар, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчилар, гиёҳванд ва психотроп моддаларни истеъмол қилувчилар ҳамда оилавий ажрим ёқасидаги ёш оилалар қамраб олиниб, 38 та ташкилот раҳбарига бириктирилди. “Оғир” тоифадаги ёшлар билан ишлаш бўйича секторлар кесимида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, уларни амалга ошириш механизмлари, молиялаштириш манбалари, масъул ижрочилари ва бажариш муддатлари аниқ кўрсатиб берилди.
Масалан, ногиронлиги бўлган ёшлар билан ишлаш борасида туманнинг ҳар бир секторида уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволанишларига кўмаклашиш, ортопедия маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, керакли тиббий дори воситалари билан таъминлаш, параспорт турлари бўйича тўгаракларга жалб этиш, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия бериш, кредит ажратиш, деҳқон хўжалиги юритиши учун экин майдони тақдим этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-хунар, замонавий касблар, хорижий тилларга ўқитиш назарда тутилган.
Эслатиш жоиз, шу йил 11 апрелда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда, хусусан, мамлакатимизда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилгани билдирилган ва эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланиши таъкидланганди.
Бунда:
- яхши ўқиётган, тадбиркорликни йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага;
- турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага киритилди;
- давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олинганди.