Меню

Қашқадарё

17.03.2018 1721

“ЁШЛАР УЙИ”ГА ТАЛАБГОРЛАР ЎЗ НАВБАТИНИ ОНЛАЙН КУЗАТИБ БОРАДИ

Ўтган йили вилоятимизда ҳам 64 фаол ёш оилалар ана шундай уйларга эга бўлишган эди. Айни вақтда ҳам кўплаб ёш оилалар “Ёшлар уйи”даги хонадонлардан бирини  олиш учун ариза билан мурожаат этишган ва уларнинг ҳужжатлари тегишли комиссия томонидан ўрганилиб, белгиланган талабларга жавоб берган номзодлар навбатга қўйилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Ёшлар уйи”ни олиш учун талабгорларнинг кўплиги улар ўртасида ўз навбатининг қачон келиши, тақсимлашнинг қанчалик шаффофлиги борасида турли саволларни, шубҳаларни келтириб чиқариши ҳам сир эмас.

Мана шундай тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Ёшлар уйи”ни сотиб олишнинг очиқ электрон навбат тизими йўлга қўйилди.

Мазкур тизимда Ёшлар иттифоқининг Марказий кенгаши ҳузуридаги Республика комиссияси томонидан таклиф этилган номзодлар электрон навбатда қайд этилади. Ҳудудлардаги уйларнинг топширилишига қараб номзоднинг навбат рақами тизимли равишда ўзгариб боради.

Ёшлар уларга Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари томонидан тақдим этиладиган махсус кодлар орқали онлайн тарзда ўз навбатини бевосита кузатиб бориш имкониятига эга.

Мисол учун, 2018 йил 14 март ҳолатида вилоятимиздан 171 нафар ёш оила вилоят ҳудудида фойдаланишга топшириладиган “Ёшлар уйи”ни олиш учун талабгор бўлиб турибди ва уларнинг навбатлари тизимда тартиб рақами билан аниқ белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, электрон навбатни yoshlaruyi.uz веб-сайти ва телеграмдаги @yoshlaruyi_bot орқали кузатиб бориш мумкин.

Шомурод САТТОРОВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!