Меню

Қашқадарё

11.05.2017 2225

ЁШЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ – ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаяпти. Мазкур қонун давлат томонидан ёшларнинг иқтисодий мустақиллигини ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, уларни тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича ўқитиш каби муҳим вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган дастурда ҳам ёшлар тадбиркорлиги ривожланишини янада рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратилган. Хусусан, давлат органлари томонидан ёшлар тадбиркорлигини ташкил этишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятига ёшларни жалб қилиш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш, ёшларга тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш, таълим  муассасалари билан иш берувчилар ўртасида шартнома асосидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида (Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари) “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” деб номланган алоҳида банд бор. Унга кўра, тегишли даврда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ўқувчи-талабаларга тижорат банклари томонидан 360 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш кўзда тутилган.

Айтиш жоизки, ёшларга оид давлат сиёсати ижроси устуворлигига эришиш мақсадида вилоятимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар бажарилмоқда. Мисол учун, ўтган йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган “Менинг бизнес ғоям” ва “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловлари ҳудудий  босқичлари якунларига кўра, 100 нафардан зиёд ёшга тижорат банклари томонидан имтиёзли асосда қарийб         2 миллиард сўм миқдорида кредитлар тақдим этилишига кўмаклашилди. Бугун бу ёшлар ўз мустақил бизнесини йўлга қўйиб, бир қанча кишиларни иш билан банд этиш баробарида истеъмол бозорини сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ҳамда хизматлар билан тўлдиришга ҳам муносиб ҳисса қўшишаяпти.

 

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!