Меню
Қашқадарё
ЁШЛАР СИЁСАТИГА ОИД АНИҚ ТАКЛИФЛАР – БМТ МИНБАРИДА
Президентимиз ушбу нуфузли тадбирда ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш муҳим вазифа эканлигини қайд этди. Шунингдек, ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоялаш баробарида уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди ва бу ташаббус иштирокчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Эътироф этиш жоиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Бош қомусимиз ва кўплаб қонунларда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани ва 30 июнь санаси – Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди, десак айни ҳақиқатдир. Ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори билан тасдиқланган ёшларга доир сиёсат борасидаги барча мақсадларни ўзида акс эттирган Дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби”ни ташкил этиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгилангани эътиборга молик жиҳатлардандир.
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида айнан ёшлар масалалари билан ишловчи доимий комиссия тузиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Албатта, ушбу вазифаларни рўёбга чиқаришда биз, депутатлар ёшларга янада яқин бўлиб, уларни ўйлантираётган масалаларда ҳамфикр бўлишимиз, янги авлоднинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини юксалтиришга ҳисса қўшишимиз мақсадга мувофиқ.
Дилфуза ЖАЛИЛОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати