Меню

Қашқадарё

09.06.2020 1326

ЁШЛАР ОЙЛИГИ – ҚАШҚАДАРЁДА

Июнь - "Ёшлар ойлиги" доирасидаги тадбирлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда элликка яқин лойиҳада 600 мингга яқин ўғил-қиз қамраб олиниши режалаштирилган.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Қайд этилишича, ижод мактаблари ўртасида "Ёш китобхон" онлайн танлови, маданият, санъат ва адабиёт соҳасидаги етук мутахассислар билан "5 ташаббус - уйда" онлайн учрашувлари, китоблар тақдимоти, бугунги кунда хорижда муваффақиятли фаолият олиб бораётган ўзбекистонликлар билан "Ватандош" видеомулоқоти, "Мард ўғлон" давлат мукофоти ҳамда "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишонини тантанали топшириш маросимлари, ҳоким, сенатор, прокурор ва генераллар билан онлайн учрашувлар ташкил қилиш, ёшларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган "Ёшлар парламенти" фаолиятини йўлга қўйиш ойлик доирасида кўзланган тадбирлар сирасига киради.

Ўз навбатида ҳудудларда ҳокимларнинг бир йил давомида ёшлар сиёсати борасида амалга оширган ишлари ҳисоботи тингланади. Ёшлар иттифоқи тизимида ишлаб, муносиб кўрилган 14 нафар ўғил-қизга олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга кириш имконини берувчи сертификатлар топширилади (гарчи ушбу имтиёз ёшларнинг иттифоқ тизимида ишламайдиган бошқа қатламлари ўртасида турли эътирозларни келтириб чиқараётган бўлса-да). Ёшлар бандлиги, тадбиркорлиги, ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳам диққат марказида бўлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!