Меню

Қашқадарё

31.01.2021 1331

Ёшлар нега ҳоким билан учрашувга келмади?

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тузилган режага мувофиқ, 29 январь куни шаҳардаги 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Кулоллик маҳалласи ёшлари билан учрашув белгиланган. Бироқ маҳаллада ташкилий ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилмагани сабабли кредит олиб, иш ўрни яратиш истагида бўлган ёшлар тўлиқ иштирок этмаган.

Шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Обид Примов маълумотларига кўра, маҳаллада жами ишсизлар 13, ўқиш истагида бўлганлар 7, кредит олишга эҳтиёжманд ёшлар эса 13 нафарни ташкил этади. Ҳоким билан учрашувга эса уларнинг бор-йўғи 5 нафари келган, холос.

Шунга қарамасдан шаҳар ҳокими болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари Ж.Маҳмудов, Ш.Мейлиевнинг ҳам мурожаатларини тинглаб, барча саволларига батафсил жавоб қайтарган, кредит олиш истагида бўлган ёшларга ҳам бу борадаги талаблар ҳақида бирма-бир тушунтириш бериб ўтган.

“Халқимизда “Вақтинг кетди – нақдинг кетди”, деб бежиз айтилмаган. Шунинг учун берилган имкониятдан ўз вақтида фойдаланайлик, чунки вақт кутиб турмайди”, дея таъкидлайди ҳокимлик ахборот хизмати.

Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, бу каби учрашувлар, қабуллар кўп йиллар кўп ҳудудларда номига, хўжакўрсинга, қандайдир режалар жадвалини тўлдириш учун ташкил этиб келинган. Шу боис икки ўртадаги ишонч кўпригига дарз кетган, ҳатто бузилиб кетган. Кимсан, ҳоким учрашув белгиласаю, ёшлар унга келмаса, бунда ёшларни эмас, натижасиз якун топадиган тизимни айблаш мантиқдан бўлади бизнингча.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!