Меню
Қашқадарё
ЁШЛАР МИССИОНЕРЛИККА ҚАРШИ
Қарши олимпия захиралари касб-ҳунар коллежи олдидан Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи кириш қисмидаги ёзги саҳнагача бўлган масофада ташкил этилган марафонда 17 ёшдан 70 ёшгача бўлган иштирокчилар - Қарши шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари, қатор ташкилот-муассасаларнинг ишчи-ходимлари ва фахрийлардан иборат икки минг нафарга яқин спорт ихлосмандлари қатнашди. Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Қодиров марафон иштирокчиларини қутлар экан, гиёҳвандлик, миссионерлик ва диний экстремизм каби иллатлар аср вабоси эканлиги, уларга қарши соғлом турмуш тарзи ва юксак маънавият билан курашиш давр талабилигини алоҳида таъкидлади.
Қизғин ва муросасиз руҳда ўтган югуриш марафони 6 ёш тоифасида - 17-24, 25-30, 31-40, 41-50, 51 ва ундан катта ёшлилар ўртасида ўтказилди. Унда ўз ёш тоифаларида Малика Воҳидова, Ҳусниддин Раҳмонқулов, Ойнавоз Худойбердиева, Суҳроб Бекмуродов, Лайло Раҳматова, Бахтиёр Худойбердиев, Гуллола Бозорова, Қадринисо Холбозорова ва Фурқат Қаҳҳоров марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келишди ва ғолибликни қўлга киритишди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчиларга тадбир ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Марафон ортидан тақдим этилган концерт дастури иштирокчиларнинг кўтаринки кайфиятига ҳамоҳанг бўлди.
- Шукурки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, - дейди марафон иштирокчиси, Қарши банк коллежи ўқитувчиси Баҳоргул Намозова. - Нафақат ёшлар, балки барча юртдошларимизнинг юзу кўзида бугунги кундан мамнунлик, эртанги кунга ишонч ҳис-туйғулари балқиб турибди. "Биз миссионерликка қаршимиз!" шиори остида бўлиб ўтган югуриш марафонида ёшлар қаторида катта ёшли иштирокчилар ҳам фаол қатнашгани шундан.
Шунингдек, марафон доирасида "Биз миссионерликка қаршимиз!" мавзусида расмлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда ёш қаламкашлар, ҳаваскор рассомлар қатнашди.
Азизбек НОРОВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.