Меню

Қашқадарё

03.07.2018 2236

ЁШЛАР КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Президентимиз ташаббуси билан “Камолот” ЁИҲ нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ташкилоти тузилди. 30 июнь эса мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.

Ана шу сана муносабати билан ўтказилган тадбирларда бир йил ичида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган, илм-фанда, спорт ва санъатда ёхуд бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари билан юртимиз номини дунёга таратишга ҳисса қўшаётган ёшлар эътироф этилди.

Байрам тадбирлари дастлаб чекка қишлоқ ва маҳалларда ўтказилган спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар билан бошланди. Туман ва шаҳарлардаги ўйингоҳларда, маданият-истироҳат боғларида “Ёшлар сайиллари” ташкил этилди. Туманларда “Бахтли оила қурамиз” шиори остида ихчамлаштирилган тўйлар бўлиб ўтди.

Ҳарбий қисмлар ва “Темурбеклар мактаби”да “Ватан ҳимояси – юксак масъулият” шиори остида   оммавий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Яккабоғ туманининг Айғиркўл маҳалласи ҳудудида қуриб битказилган 84 хонадонли “Ёшлар уйи” тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

Ҳар жиҳатдан қулай, шинам, кенг ва ёруғ янги уйларнинг узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилганлиги ёш оилалар учун жуда катта имконият яратади.

 

- Бугун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан биридир, - дейди жанговар самбо бўйича Осиё чемпиони Гулдона Рўзиева. – Чунки, оилам билан биргаликда янги уйга кўчиб ўтдик. Биз ёшларга бўлаётган бундай эътибор, берилаётган имконият ва имтиёзлар янги марралар сари руҳлантиради.

Байрам куни вилоят ҳокимлигида “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашувда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон ёшларига табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, очиқ ва самимий руҳда ўтган  мулоқотда вилоят ҳокими ёшларнинг ўқишда, меҳнат ва жамоат ишларида фаол иштирокини, эришаётган ютуқларини алоҳида эътироф этди. Ёшлар жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш доимий эътибордаги энг асосий вазифа эканини таъкидлади. Мулоқот давомида ёшларнинг таклиф-мулоҳазалари, келгусидаги режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида фикрлашилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган 2 нафар вилоятимиз ёшларига ушбу мукофот тантанали равишда топширилди.

Байрам тадбирлари Қарши шаҳридаги “Геолог” ўйингоҳида ташкил этилган галаконцерт билан давом этди.

Тадбирда бир гуруҳ фаол ёшларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига Президент совғаси - “Исузу” автобуси тантанали равишда топширилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Жамшид НОҚОБИЛОВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!