Меню
Қашқадарё
ЁШЛАР – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти томонидан “Ёшлар – коррупцияга қарши” мавзусида ташкил этилган семинарда ҳам айни шу масалаларга эътибор қаратилди. Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари, депутатлар, партия фаоллари, ўқитувчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирокида ўтган тадбирда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари мазмун-моҳияти тушунтирилди ва пора олиш, бериш ёки воситачилик қилиш учун жиноий жавобгарликнинг муқаррарлиги таъкидланди.
Тан олиш керак: коррупция, айрим ўқитувчиларнинг тамагирлик ҳолатлари олий таълим муассасаларида ҳам, афсуски, учраб туради. Бундай ҳолатга талабалар кучли билими, ҳуқуқий онги ва кенг дунёқараши билан курашиши, жавоб қайтариши даркор. Шундагина эртамиз эгалари бўлган ёшларни юрт тараққиётига ҳисса қўшадиган кадрлар этиб тарбиялаган бўламиз.
- Бугунги тадбирда ўзим учун керакли хулосаларни олдим, - дейди институт талабаси Юсуфжон Очилов. – Ҳаётий мисоллар келтирилди, қонун талаблари тушунтирилди. Албатта, бугунги талабалар кун келиб қайсидир мансаб эгасига айланади. Ўшанда тамагирлик қилмаслиги учун ҳозир бу иллатга қарши муносабат шаклланиши зарур.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.
Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ