Меню
Қашқадарё
ЁШЛАР КАМОЛОТИГА ҚАНОТ
Рио олимпиадасида ўзбек ёшларининг чиқишларини томоша қилаётиб ҳам ана шу қаҳрамонлар ёдимга келди. Аммо бугунги Ҳасанбойу Фазлиддинлар, Руслану Шаҳобиддинлар илгариги полвонлардан фарқли равишда дунё узра донг таратмоқда. Уларнинг қаршисида титраб турган, шижоатига тан беришдан ўзга чора топа олмаётган йигитлар ҳам нариги қишлоқнинг полвони эмас, дунёнинг манаман деган давлатлари спортчилари ичидан сараланиб чиққан забардаст атлетлар.
Хўш, мен ўқиган асарлар қаҳрамонлари нега шундай натижага эриша олмаган? Нега уларнинг довруғи уч-тўртта қишлоқдан нарига ўтмаган? Улар ҳам юксак марраларни забт этиши, халқаро ареналарда ўзини кўрсатиши мумкин эди-ку. Ҳа, мумкин эди, аммо бунинг учун етарли шароит йўқ эди. Уларнинг имкони ўз билганича спорт билан шуғулланишу тўй-байрамларда кураш тушиш, улоқ чопишдан бошқасига етмасди. Умуман, мустақилликка қадар нечта ўзбек спортчисининг халқаро мусобақаларда иштирок этганию, улардан нечтасининг юксак совринларни қўлга киритгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Агар номма-ном санасангиз, битта қўлингизнинг бармоқларини ҳам тўлдира олмайсиз. Мустақилликнинг йигирма беш йили давомида спортчиларимиз эришган совринлар-чи? Менимча, буни ҳисоблаш учун бармоқлар эмас, унча-мунча ҳисоб техникалари ҳам “терга тушади”. Фақат спорт соҳасида эмас, санъат ва илм-фаннинг барча соҳаларида фарзандларимиз дунё ёшлари билан тенгма-тенг беллашмоқда, ўз қобилияти, билим ва тафаккури билан ўзбек ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини ва кам бўлмаслигини исботлашмоқда.
Бразилияда бўлиб ўтган XV паралимпия ўйинларини олайлик. Оддийгина ўзбек қизи – Фотимахон Амилова бир йўла бронза, кумуш ва олтин медални қўлга киритди. У эришган натижа рекорд сифатида тарихдан жой олди. Ёки илм-фан ва санъат борасида ёшларимиз қўлга киритаётган муваффақиятларга назар ташланг. Ўзбек ёшларининг тафаккурига, қобилиятига халқаро мутахассислар ҳам тан бермоқда.
- Ёшлигимдан расм чизишга қизиқар эдим, - дейди Қарши давлат университети 2-босқич талабаси Гулчеҳра Садинова. - Давлатимизда биз ёшларга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижасида ўз қобилиятимни рўёбга чиқараяпман. “Юксак маънавиятли авлод” ва “Юрт келажаги” кўрик-танловларининг вилоят босқичида қатнашиб, икки маротаба ғолиб бўлдим. “Янги аср истеъдодлари” кўрик-танловининг республика босқичида 3-ўринни қўлга киритдим. Яқинда эса Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасидаги тасвирий санъатга ихтисослашган билим юртлари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Уста ва шогирд” халқаро танловида чизган суратларим биринчи ўринга лойиқ деб топилди.
Албатта, бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Уларнинг замирида давлатимизда ёшлар камолотига қаратилаётган эътибор, ўқиш, спорт, санъат ва бошқа соҳаларда ўз иқтидорларини намоён этиши учун яратиб берилган шарт-шароитлар самаралари мужассам. Энг аввало Бош қомусимизда ёшларнинг таълим олиши, тарбияси, ижтимоий ҳимояси ва бошқа ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилгани бу борада муҳим омил бўлмоқда. Натижа эса ёшларимиз қўлга киритаётган муваффақиятларда акс этаётир.
Яна мен ўқиган китобларга қайтайлик. Улардаги қаҳрамонлар кун келиб оддий қишлоқда вояга етган ўзбек йигитлари, ўзбек қизларининг халқаро майдонларда жавлон уриши, дунё ёшлари билан тенгма-тенг беллашиб, улардан устунликларини намоён эта олишларига ишонармиди?! Йўқ, албатта. Буни тасаввур ҳам қила олмагандир ҳатто. Аммо бугунги авлод учун бу оддий ҳол. Эртанги авлод эса бу ютуқларни янада юксак натижалари билан назарига ҳам илмаслиги мумкин. Зеро, Бош қомусимиздаги тамойиллар ана шундай етук, баркамол авлодни вояга етказиш, тарбиялашга қаратилган. Мана шуниси муҳим.
Ж.БОЙМУРОДОВ