Меню
Қашқадарё
ЁШЛАР - ЁТ ҒОЯЛАРГА ҚАРШИ
Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур спартакиада кенг қамровли ва шукуҳли кечди.
Қарши шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да нуронийлар ўртасида уюштирилган шахмат мусобақаси асносида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Аҳмад бобо Жалилов ҳамда Усмон бобо Донаев ёшларга уруш йиллари хотиралари, бугунги тинч-осуда кунларимиз қадри ҳақида гапириб берди.
Спартакиада доирасидаги яна бир мусобақа стол тенниси бўйича Қарши ахборот технологиялари спорт залида коллеж ҳамда академик лицейлар ўқувчилари ўртасида ташкил этилди.
- Мусобақада 43 нафар спортчи ўқувчилар иштирок этди, - дейди вилоят стол тенниси федерацияси бош мураббийи Бобур Худойқулов. – Уларнинг 25 нафари ўғил болалар, 18 нафари эса қизлардан иборат. Ўғил ва қизлар алоҳида-алоҳида баҳс олиб борди.
Спартакиада давомида энг кўп мухлис тўплаган ва қизиқарли кечган баҳслардан яна бири – “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласимиз” мусобақаси бўлди. Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати манежида ташкил этилган ушбу мусобақада 6 спортчи оила аъзолари баскетбол тўпини олиб юриш, тош кўтариш, ҳалқа айлантириш, арқон тортиш, эстафета каби шартлар асосида ўзаро беллашди.
- Турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам Қарши шаҳридаги 17-сонли мактабда ишлаймиз, - дейди мусобақа иштирокчиларидан бири Бекзод Қамбаров. – Ўғлим Бунёдбек Исматов эса шу мактаб ўқувчиси. Мусобақада мактабимиз, маҳалламиз номини муносиб ҳимоя қилиш учун бор имкониятларимизни ишга солдик. Бу билан оилавий спортни тарғиб этишга ҳам ҳисса қўшаётганимиздан хурсандман.
Шунингдек, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг спорт залида олий таълим муассасаларининг полвон талабалари 66, 81 ва 90 килограмм вазн тоифаларида кураш тушиб, гиламда ўз имкониятларини синаб кўришди. Натижада 66 килограмм вазн тоифасида Фахриддин Тўйчиев, 81 килограмм вазн тоифасида Алибек Зайдуллаев, 90 килограмм вазн тоифасида эса Олмосбек Тоштемиров барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.
Бундан ташқари, ўрта махсус таълим муассасалари жамоалари ўртасида сузиш, эстафета, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида армрестлинг бўйича ўтказилган мусобақалар ҳам жуда қизиқарли кечди.
Спартакиада барча қизиқувчилар ўртасида Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати рўпарасидан амфитеатр олдидаги майдонга қадар ўтказилган марафон билан давом этди. Ушбу баҳсда ўғил болалар ўртасида Қарши компьютер коллежи ўқувчиси Шаҳбоз Маҳмудов маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, қизлар ўртасида Қарши давлат университети талабаси Заҳро Нуримова 1-ўринни қўлга киритди.
Шу ерда спартакиада доирасида ўтказилган барча спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Спартакиада вилоят санъат усталари, талабалар ва ёш истеъдод эгалари томонидан тақдим этилган ажойиб шоу дастури билан якунланди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: спартакиададан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.