Меню
Қашқадарё
ЁШЛАР ИШЛИ БЎЛАДИ, ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТАДИ
Ёшларга оид давлат сиёсати - амалда
Чироқчиликлар эртачи тарвуз етиштириш бўйича катта тажриба тўплашган. Улар бу борада мамлакатда етакчи саналишади. Айниқcа, ҳудуддаги Кўкдала МФЙга қарашли Ўтамайли қишлоғида деҳқончиликнинг бу тармоғи кенг оммалашган. Қишлоқ аҳли бўш лалми ер майдонларида етиштирган тарвуз туман экспортида ҳам салмоқли ўрин тутади, ўтган йилги кўрсаткич - 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида.
Айни дамда туманнинг илғор деҳқонлари тарвуз экиш ишларини аллақачон бошлаб юборишган. Улар бунга қиши билан тайёргарлик кўрганлар. Чунки кейинги йилларда ҳудуд деҳқонлари тарвуз уруғини нафақат тўғридан-тўғри ажратилган майдонларга экиш, балки ниҳол қилиб ўтқазиш тажрибасини кенг жорий этишган.
Маълумотларга кўра, бу йил Кўкдала ҳудудида жами 14 минг гектар лалми ерда тарвуз экилиши режалаштирилмоқда. Шундан 9 минг 300 гектари 385 та фермер хўжалиги ер майдонлари, 4 минг 700 гектари аҳоли томорқалари ҳиссасига тўғри келади. Яъни, ҳудуд деҳқонлари 5 минг 30 гектар ерда эртачи, 4 минг 718 гектар майдонда ўрта ва 4 минг 252 гектар кенгликда кечки тарвуз парваришламоқчи.
Тажрибадаги яна бир янгилик шундаки, ҳар мавсумдагидан фарқли ўлароқ бу йилги тарвуз етиштириш юмушларига ҳудуднинг 2 минг нафардан зиёд уюшмаган ёшлари ҳам мавсумий ишчи сифатида жалб қилинади. Вилоят ҳокими ташаббуси билан уларнинг ҳар бирига "Ҳар бир ёшга - бир гектар" лойиҳаси доирасида ер ажратиладиган бўлди. Энг муҳими, деҳқончилик барокати учун етарлича шароитлар яратиш мақсадида белгиланган нуқталарда 67 та артезиан қудуғи қазиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Ўз мухбиримиз