Меню
Қашқадарё
ЁШ ТАДБИРКОРНИНГ ЗАМОНАВИЙ КОРХОНАСИ
Нишонлик Жасур Эргашев ҳам коллежни битиргач, бирор тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида юрарди. Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси ташкил этилиб, ўз бизнесини бошлаш истагидаги ёшлар учун имтиёзли кредитлар берила бошлангач, унинг бу мақсади янада қатъийлашди. Зарур технологияни харид қилиб, замонавий пайпоқлар ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш режаси билан жамғарманинг туман бўлимига мурожаат қилди.
- Бизнес-режам жамғарма томонидан маъқулланиб, 60 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, - дейди Жасур Эргашев. - Бунга ўз сармоямни ҳам қўшиб, махсус технологияни харид қилдим. Бу технология ёрдамида исталган шакл ва ўлчамдаги пайпоқларни ишлаб чиқариш мумкин.
Айни пайтда ёш тадбиркор раҳбарлик қилаётган "Нуристон текс гроуп" масъулияти чекланган жамиятига қарашли мўъжаз корхонада пахта ёки пахта ва синтетик тола аралашмасидан эркаклар, аёллар ҳамда болалар учун бир неча хил кўринишдаги бежирим пайпоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Бир ойда ўртача 18-20 минг жуфт пайпоқ ички бозорга етказиб берилаяпти. Тадбиркорнинг таъкидлашича, у энди янги бозорларни топиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ҳаракатида.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.