Меню

Қашқадарё

31.01.2020 1869

ЁШ ТАДБИРКОРНИНГ ХАЗИНАСИ

Интилганга толе ёр

Мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу тармоқда кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Натижада бизнеснинг мазкур йўналиши бўйича иш  унумдорлиги ҳам, олинаётган даромад миқдори ҳам ошиб бормоқда.

Буни қуйидаги рақамлардан ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, 2011 йил якунида вилоятимизда барча тоифадаги хўжаликларда боқилаётган парранда бош сони 2 миллион  9 мингга, олинган тухум 220 миллион донага етган бўлса, 2014 йил сўнгида мавжуд паррандалар сони 4 миллион бошдан, йиллик тухум етиштириш салмоғи эса 300 миллион донадан ошган.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатида эса вилоятимизда парваришланаётган парранда сони қарийб  6 миллион 559 минг бошни ташкил этди. Шундан 65,2 фоизи аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида   боқилаётган парранда бўлса, яна   4,8 фоизи фермер хўжаликлари, қолган 30 фоизи эса қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Бундан кўриниб турибдики, ушбу соҳага тадбиркорларнинг қизиқиши ошиб, улар томонидан паррандачилик маҳсулотлари етиштириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шаҳрисабз шаҳрилик Нодиржон Саиджонов ҳам ўз тадбиркорлик  фаолиятини айнан паррандачиликни йўлга қўйишдан бошлади.

- "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси томонидан ёш тадбиркорларга бизнес ташаббусларни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратилаётганини эшитиб, анча вақтда буён ўйлаб юрган лойиҳани рўёбга чиқаришга киришдим, - дейди у. - Молиявий кўмак сўраб, жамғарманинг шаҳар бўлими масъулларига мурожаат этдим. Улар 450 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишимда ёрдам кўрсатишди. Бу пулга ўз сармоямизни қўшиб, саноат усулида товуқ боқиш учун зарур шарт-шароитларни ҳозирладик. Таъминотчи корхоналардан тухум йўналишидаги зотдор жўжаларни харид қилдик. Айни кунда товуқларимиз тўлиқ тухумга кирди. 15 минг дона паррандадан ҳар куни 13 минг донадан ортиқ тухум олаяпмиз.  

Тадбиркорнинг таъкидлашича, паррандачилик сердаромад соҳа  бўлиш билан бирга, ўзига хос мураккаб жиҳатларга ҳам эга.  Салгина қаровда эътиборсизликка йўл қўйсангиз ҳам унумдорлик кескин пасайиб кетиши ёки паррандалар нобуд бўлиши мумкин. Шу боис  фаолиятга 5 ишчи ходим жалб этилиб, товуқларни белгиланган тартибда эмлаш, ветеринар назоратидан ўтказиб туриш, уларга берилаётган озуқа таркибида керакли витамин ва минераллар бўлишига асосий эътибор қаратилмоқда.

Тадбиркор айни пайтда паррандалар парваришланаётган бинони ижарага олган. Бу эса олинаётган фойда миқдорига таъсир кўрсатади, албатта. Шу боис у келгусида ўзи жой олиб, замонавий товуқхона барпо этиш ва фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!