Меню

Қашқадарё

26.07.2019 1845

ЁШ ТАДБИРКОРЛАРГА - МОЛИЯВИЙ КЎМАК

- Ўтган йили жамғарма томонидан ҳудуддаги 14 нафар ёшнинг бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш учун 1 миллиард 658 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган эди, - дейди  "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси Ғузор туман филиали бош мутахассиси Фахриддин Хайруллаев. - Бу маблағ эвазига ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янги фаолият турлари йўлга қўйилди. Жорий йилда эса 53 та лойиҳа учун 12 миллиард 810 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳозирга қадар айрим ёш тадбиркорларимиз маблағни тўлиқ олиб, аллақачон ўз лойиҳасини ишга туширишга ҳам улгурди.

Туманнинг Гулистон маҳалласида яшовчи Миржаҳон Тошқораев  ҳудуддаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қў-йишни режалаштирганди.

- Фаолият учун зарур бўлган ускуналарнинг нархи билан қизиққанимда, бунга 60 миллион сўм атрофида маблағ кераклиги маълум бўлди, - дейди у. - Шундан сўнг, имтиёзли кредит олиш учун "Ёшлар - келажагимиз"  жамғармасига мурожаат этдим. Жамғарма томонидан бизнес-режам ўрганилиб, лойиҳам маъқулланди ва керакли  технологияни сотиб олиш учун зарур миқдорда имтиёзли кредит ажратилди. Натижада қисқа муддат ичида технологияларни олиб келиб ва ўрнатиб, маҳсулот ишлаб чиқаришни бошладик. Энди фаолиятни янада кенгайтириш ҳақида ўйлаяпман.

Яна бир ёш тадбиркор, "Fitnes XXX" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мирзабек Қурбонов эса туман марказида фитнес клуб ташкил этишни режалаштирганди. Жамғарма томонидан ажратилган 120 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит унинг бу режасини амалга оширишида қўл келди.

- Ушбу маблағ эвазига фитнес клуб учун керак бўлган барча спорт анжомларини харид қилдик, - дейди тадбиркор. - Сўнг ўзимизга тегишли бинони мослаштириб, фаолиятни йўлга қўйдик. Ҳозир ҳафтанинг икки куни хотин-қизлар, қолган кунлари эса ўғил болалар келиб, спорт билан шуғулланишмоқда. Асосийси, бундан маҳалла аҳли ҳам хурсанд. Ҳозир мижозларимиз орасида нафақадаги кишилар, уйда ўтирган аёллар ҳам бор.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, ва одамлар турмуш фаровонлигини ошириш, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: "Fitnes XXX" МЧЖ фаолиятидан лавҳалар.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!