Меню
Қашқадарё
ЁШ ТАДБИРКОРЛАР ФОРУМИ
18 ёшдан 35 ёшгача бўлган тадбиркорлар иштирок этган форумда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари билан шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлиги ривожининг бугунги ҳолати таҳлил қилинди.
Форумда ҳамкор ташкилотлар - Марказий банк вилоят бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши вакиллари ёш тадбиркорларнинг соҳага доир фикр-мулоҳазаларини тинглашди, таклифларини муҳокама қилишди.
- Ўтган йилги форумда тушган таклифлар кўриб чиқилиб, уларнинг энг маъқуллари бу йил амалиётга татбиқ этилган эди, – дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши Ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар бўлими етакчиси Сардор Жўраев. – Жумладан, гаров таъминоти муаммосини ҳал қилиш мақсадида “Камолотдан кафолат” лойиҳаси амалга оширилиб, ёш тадбиркорларнинг суғурта полиси ишлаб чиқилди. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ягона ёш тадбиркорлар маркази ташкил этилди. Бу йилги форумда ҳам янги-янги таклиф ва лойиҳалар илгари сурилаяптики, уларнинг аксарияти самарадорлиги билан ажралиб турибди.
Форум якунида тадбирнинг Республика босқичида қатнашадиган 10 нафар ёш тадбиркор саралаб олинди.
Соҳиба СУЮНОВА