Меню
Қашқадарё
ЁШ ШАХМАТЧИМИЗ - ОЛТИН МЕДАЛЬ ВА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИГА ЙЎЛЛАНМА СОҲИБИ
Мусобақа
Жорий йилнинг 14-24 январь кунлари Тошкентдаги Халқаро шахмат академиясида 8, 10 ва 12 ёшли шахматчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Эътиборли томони, мусобақада вилоятимиз вакили Шаҳзод Исломов 8 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида энг юқори натижани қайд этиб, ғолибликни қўлга киритди. Бу - ёш шахматчимизга мусобақа олтин медали билан бир қаторда, шу йилнинг октябрь ойида Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳам тақдим этди.
2012 йилда Қарши шаҳрида туғилган Шаҳзод Исломов вилоят ихтисослаштирилган спорт ўйинлари ва енгил атлетика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бу ерда мураббий Наргиза Самадова қўл остида шахмат сирларини ўрганишни давом эттираётган Шаҳзод аввал ҳам бир қатор нуфузли мусобақаларда юқори ўринларни қайд этганди. Жумладан, 2018 йилги Ўзбекистон чемпионатида 2-ўринни ҳамда шу йили Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаган бўлса, ўтган йили мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида битта олтин ва битта кумуш медалларга эга чиққан эди. Шунингдек, 2019 йилнинг август ойида Шаҳзод Қарши шаҳрида Исмат Шукуров хотирасига бағишлаб ўтказилган шахмат бўйича "Қарши опен-2019" халқаро турнирида ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритган.
Ж.БОЙМУРОДОВ