Меню
Қашқадарё
ЁШ ИЖРОЧИЛАР МАҲОРАТИ
Ёшларнинг санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида вилоят маданият бошқармаси, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби жамоаси ҳамкорлигида тайёрланган концерт дастурига болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари, мусиқа санъати ихлосмандлари, кенг жамоатчилик таклиф этилди.
Оркестр дастури репертуаридан "Уйғониш", "Ишқ айлади", "Сўлим баҳор", "Озарбайжон марвариди", "Мелодрама", "Обливион", "Қўғирчоқ қўшиғи", "Гранада" каби ўнлаб ўзбек ва жаҳон мусиқа дурдоналари жой олган.
Айниқса, яккахон ижроларда республика ва халқаро танловлар совриндорлари, истеъдодли ижрочилар Малика Пармонова, Содиқ Сайимов, Илёс Муҳаммадиев, Алибек Мадатов, Шехреза Омонованинг чиқишлари томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
- Куй киши кўнглига ҳузур бағишлаб, уни ором сари етаклайди, - дейди дирижёр Аббос Аҳмедов. - Юракни жунбишга келтириб янграган ҳар бир оҳанг инсон хотирасида узоқ вақт муҳрланиб қолади. Уни қайта-қайта тинглагинг келади. Бугун истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилаётган куйларни тинглаб, уларнинг ижро маҳоратига тан берасиз. Бундай истеъдод эгаларининг жаҳон саҳналарида бир қатор муваффақиятларга эришаётганидан эса қалбинг ғурурга тўлади.
С.АЛЛАЁРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.