Меню
Қашқадарё
ЁШ ИСТЕЪДОДЛАР ИЖРОСИДА СОЗЛАР НАВОСИ
Унда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган чолғу ижрочилари, вилоятимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият ва санъат йўналишидаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг ижрочилик маҳоратини намоён этиш ва савиясини ошириш учун ижодий майдон яратиш, халқ чолғулари, чолғучилик санъатини тарғиб қилиш ҳамда ривожлантириш, халқ чолғу ижрочилиги анъаналарини сақлаш, уларни келажак авлодга етказиш, ҳудудлараро маданий ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.
- Ушбу танлов ҳар икки йилда бир маротаба анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда, - дейди вилоят маданият бошқармаси Қарши шаҳар бўлими мудири Нарзулла Абдуллаев. – Танлов ҳудудий ва республика босқичига бўлинган. Танлов иштирокчилари ёш тоифаси бўйича икки гуруҳга ажратилди: 1-гуруҳда 15 ёшдан 20 ёшгача, 2-гуруҳда 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш истеъдод эгалари ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Танловда иштирокчилар халқ чолғулари (дамли, урма-торли, урма-зарбли, камонли ва мезроб (плекторли) чолғулар) ва анъанавий академик чолғу (мезроб (плекторли), камонли, дамли, зарбли чолғулар) йўналишлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Иштирокчилар халқ чолғулари йўналиши бўйича мамлакатимиз ва жаҳон композиторларининг асарларидан, анъанавий академик чолғу йўналиши бўйича эса ўзбек халқ куйлари ва бастакорлар ижоди намуналаридан ижро этишди.
Шу тариқа, ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, ҳар бир гуруҳ бўйича 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари ва мезроб (плекторли) чолғулар гуруҳида “А” ва “Б” кичик гуруҳларида ҳам дастлабки юқори уч ўрин ғолиблари аниқланди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Эслатиб ўтиш жоиз, танловнинг республика босқичи Тошкент шаҳрида жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтади. Унда ҳар бир йўналиш бўйича вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар қатнашади.
Азизбек НОРОВ