Меню
Қашқадарё
Ёш болалар таомномасида ширин маҳсулотлар улушини қисқартириш кейинчалик саломатликка ижобий акс этади
Жанубий Калифорния университети олимлари болаларга ҳаётининг дастлабки минг кунида шакар истеъмолини чеклаш катта бўлганда диабет ва қон босими касалликлари ривожланиш хавфини камайтиришини аниқлади. Тадқиқот натижалари Science журналида эълон қилинган.
Улар Буюк Британияда ўтказилган "табиий эксперимент" натижаларига эътибор қаратган. Унинг доирасида ҳаётининг дастлабки минг куни давомида ҳафтасига 28,35 грамм шакар ва ойига 340,19 грамм конфет истеъмол қилиш билан чекланган кишилар саломатлигининг ўзига хослиги ўрганилган. Бундай чеклов мамлакатда Иккинчи жаҳон урушидан кейин қўлланилган озиқ-овқат истеъмолини меъёрлаштириш чоралари билан боғлиқ. Олинган маълумотлар шакарни чекловсиз истеъмол қилган соғлом шахс кўрсаткичлари билан таққосланган.
Натижалар ёш болалар таомномасида ширин маҳсулотлар ва шакар улушини мажбурий қисқартириш кейинчалик саломатликка ижобий акс этишини кўрсатган. Олимлар ҳисоб-китоби бўйича, ёшлигида кам шакар истеъмол қилган одамларда диабет ва қон босими касалликлари ривожланиш хавфи 50-60 ёшда мос равишда тахминан 35 ва 20 фоизга пасаяди. Бундан ташқари, қачондир ушбу касалликлар барибир ривожланган тақдирда ҳам "дебюти" бир неча йиллар кейинроққа сурилади.