Меню

Қашқадарё

20.09.2018 2689

ЁШ АТЛЕТЛАРИМИЗ ЮҚОРИ НАТИЖА ҚАЙД ЭТДИ

Мусобақада енгил атлетиканинг спортча юриш, узоқ ва яқин масофаларга югуриш, баландликка сакраш, ядро улоқтириш ва шу каби қатор турлари бўйича 260 нафар ўғил бола ҳамда 117 нафар қиз ғолиблик учун баҳс олиб борди. Баҳслар давомида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган бир қанча ёш спортчиларимиз ўзининг индивидуал маҳоратини намойиш этиб, мухлису мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Жумладан, 2005 – 2006 йилларда туғилган қизлар ўртасида 3 минг метрга спортча юриш баҳсларида ҳар учала ўринни Шаҳрисабз туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчилари қўлга киритди. Яъни, мазкур йўналишда Зулайҳо Ҳотамова шоҳсўпага кўтарилган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар ҳам унинг мактабдошлари – Моҳинур Қаландарова ҳамда Ҳикматой Эргашевага насиб этди.

Энг эътиборли томони, худди шу йўналишда ўғил болалар ўртасида ўтказилган баҳсда ҳам марра чизиғига бирин-кетин мазкур мактаб ўқувчилари етиб келишди. Шаҳзод Лутфуллаев, Жавоҳир Қобилов ва Асадбек Собиров мос тарзда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Бундан кўринадики, бугунги кунда енгил атлетиканинг ушбу турида Шаҳрисабз туман БЎСМ ўқувчилари мамлакатимизда мутлақо етакчи.

Мусобақа давомида яна бир диққатга сазовар натижа вилоят ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Барнохон Сайфуллаева томонидан қайд этилди. Айни вақтда 13 ёшда бўлган Барнохон 170 сантиметр баландликка сакраб, бирйўла спорт усталигига номзод талабини бажарди ва вилоят рекордини ўрнатди. У ўзидан кейинги рақибини нақ 20 сантиметрлик фарқ билан ортда қолдирди. Яқиндагина Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида баландликка сакраш баҳслари 160 сантиметрдан бошланганини инобатга олсак, яқин орада мамлакатимиз терма жамоаси учун муносиб номзод шаклланиб келаётганини кўриш мумкин.

Умумжамоа ҳисобида ҳам вилоятимиз ёшлари муносиб иштирок этиб, 2005 – 2006 йилларда туғилган ўсмир спортчилар ўртасида учинчи ўринни, 2003 – 2004 йилларда туғилган спортчилар баҳсларида эса иккинчи ўринни эгаллади.

Олим БОҚИЕВ,

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!