Меню

Қашқадарё

24.12.2019 2345

ЁРҚИН ВА ФАРОВОН КЕЛАЖАК УЧУН!

Янги Ўзбекистон - янги сайловлар

Жорий йил 22 декабрь куни мамлакатимиз ва халқимизнинг бугуни, эртанги истиқболига бевосита дахлдор муҳим сиёсий тадбир - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.

Қайд этиш лозим, сайловлар қонуний, адолатли, шаффоф, кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилди. Хусусан, сайлов комиссиялари жойлашган бинолар сайлов участкасининг харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, интернетга уланган ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга компьютерлар) билан таъминланди. Участкаларда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун алоҳида жойлар ҳозирланди.

Сайлов кодексига мувофиқ, воҳада вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 59 та, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 429 та округ сайлов комиссияси ташкил этилди, уларнинг таркиби шакллантирилиб, матбуотда эълон қилинди. 5 та сиёсий партиядан парламент қуйи палатаси депутатлигига 70 нафар, маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун 2382, жами 2452 нафар номзод рўйхатга олинди.

Овоз бериш учун 917 та участка сайлов комиссиялари ташкил этилиб, уларнинг барчасида зарур шароитлар яратилди.

12 декабрдан 18 декабргача вилоятдаги барча сайлов участкалари сайловчиларнинг мурожаатларига асосан муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилди. Унда жами 6719 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.

22 декабрь куни эрта тонгдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 125-Қарши сайлов округига қарашли 806-сайлов участкасида ҳам сайловлар кўтаринки руҳда бошланди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Қарши шаҳридаги Беклар маҳалласи ҳудудида ташкил этилган 17-сайлов участкасида эса 2736 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 159 нафари биринчи марта овоз берадиган ёшлардир. Овоз бериш қутилари муҳрлангач, сайловчилар бирин-кетин сайлов бюллетенларини олиб, овоз бериш учун кабиналарга йўналдилар.

- Сайлов участкаси Қарши ихтисослаштирилган маданият мактаби биносида жойлашгани ташкилий ишларни бирмунча енгиллаштирди, - дейди участка сайлов комиссияси раиси Рустам Қаршиев. - Партия вакиллари ва маҳалла фаолларидан иборат 11 кишилик кузатувчилар гуруҳи жараённи мунтазам назорат қилиб бормоқда.

Сайлов кодексига мувофиқ, соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган сайловчиларнинг илтимосига кўра овоз бериш жараёни улар турган жойда ҳам ташкил этилди.

Жумладан, Қарши туманидаги 166-сайлов участкасининг икки аъзоси кўчма сайлов қутиси билан Бешкент шаҳридаги Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи 100 ёшли Барака момо Каримованинг уйига борди. Комиссия аъзолари сайловчининг хоҳиш-иродаси яширин ифода этилишини таъминлашди.

- Етказганига шукур, мен ҳам овоз беришда қатнашдим, - дейди Барака момо. - 12 фарзандим, 72 невара-чевараларим бор. Ёши етганларининг ҳаммаси овоз берди. Ўзим танлаган номзодларга овоз берганимдан хурсандман.

 Эътиборлиси, эртамизга дахлдор муҳим сиёсий тадбирдан шу куни тўйлари бўлаётган келин-куёвлар ҳам четда турмади. Жумладан, Китоб туманидаги 374-сайлов участкасига фуқаролик бурчини адо этиш учун Муҳаммаджон ва Наргизахон келган бўлишса, Ғузор туманидаги 54-сайлов участкасига Шавкат Оллобердиев ва Севара Рустамова ҳам тўй либосида келиб, ўзлари танлаган номзодларга овоз беришди. Албатта, тўй ташвишларидан ортиб, уларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланишга аҳд қилгани, ўзини юрт келажагига дахлдор сезгани қувонарли ҳолат. Қолаверса, овоз беришда иштирок этиш ёшлар хотирасида ҳам умрбод сақланиб қолади.

 - Бугун биринчи марта сайлов жараёнида иштирок этишим, - дейди қаршилик Сарвар Шодмонов. - Таассуротларим жуда катта. Паспорт олганда қандай хурсанд бўлган бўлсам, бугун ҳам шундай фахр туйдим. Чунки менинг овозим ҳам юрт тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини ҳис қилдим. Шу боис ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда жойлашган сайлов участкаларида ҳам байрамона кайфият ҳукмрон бўлди. Эрта тонгдан оила аъзолари билан келган ҳарбий хизматчилар Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига ўзи муносиб деб билган номзодларни ёқлаб, бюллетен тўлдиришди.

Жорий йилги сайловларда татбиқ этилган янгиликлардан бири - вилоятимиздаги 3 та сайлов учаскасида видеотрансляция қурилмалари ишлаб турди. Булар Китоб туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабида жойлашган 791-, Шаҳрисабз шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактаби биносида ташкил қилинган 766- ҳамда Касби туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида жойлашган 324-сайлов участкалари бўлиб, бу ердаги жараёнлар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали тўғридан-тўғри видеотрансляция қилинди.

Сайлов жараёнларини кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари кузатиб боришди.

 Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилари Кристофик Роман ва Мартин Россман Косон туманидаги 229-сайлов участкасида бўлиб, мазкур участкада жорий сайловларда илк бор синовдан ўтказилаётган "DigID" (Digital Identifiсation - рақамли идентификация) қурилмаси ишлашини, бу ерда давом этаётган овоз бериш жараёнини кўздан кечирди.

 Мазкур биометрик идентификация қурилмаларини ўрнатишдан мақсад - улар ёрдамида номзодларга овоз беришда сайловчилар иштирокининг холислигига эришиш, жараёнларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашдан иборат.

- Унинг афзаллиги шундаки, тизим "бир сайловчи - бир овоз" тамойилини таъминлаш, бир сайловчининг бир неча рўйхатга киритилишига йўл қўймаслик учун қулай имконият яратади, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Илҳом Алманов. - Сайловчининг паспорти қурилмага киритилиши билан у ҳақидаги маълумотлар дарҳол ахборот тизими базасига етиб боради ва овоз беришда иштирок этгани қайд этилади. Бу узоғи билан бир дақиқача вақт олади. Аммо самараси катта.

Айтиш ўринли, шу пайтгача мамлакатимизда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ деярли барча ишлар, таъбир жоиз бўлса, қўл меҳнатига асосланган эди. Сайловчилар рўйхатини тузишдан то ҳисоботни жамлашгача бўлган жараёнлар қоғоз-қалам орқали муҳрланарди. Даста-даста ҳужжатларни йиғиш, юритиш, сақлаш ва аниқлаш билан боғлиқ бу ишлар машаққатли эди.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, Президентнинг 2018 йил 4 октябрдаги "Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, қолаверса, видеотранслация ва биометрик идентификация қилиш қурилмаларидан фойдаланиш сайловларни ташкил этувчилар учун ҳам, сайловчилар учун ҳам катта қулайлик яратади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов жараёнини кузатиш мақсадида Жанубий кореялик халқаро кузатувчи, вилоят ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Кеун Жунг Бу Қарши шаҳридаги бир нечта сайлов участкасига ташриф буюрди ҳамда сайлов участкаларидаги жараёнлар билан танишиб, ташкилотчилик даражаси ва сайловчилар фаоллигини юқори баҳолади.

- Ўзбекистонда халқаро кузатувчи сифатида биринчи марта ишлаётганим йўқ, - деди Кеун Жунг Бу. - Бугунги сайлов аввалгиларидан анча фарқ қилади. Савия анча юқори. Фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг ўзгача фаоллигини кўриб, хурсанд бўлдим. Бу Ўзбекистонннинг келгуси тараққиёти учун хизмат қилади.

Эътироф этиш зарур, фаол фуқаролик позицияси жойлардаги жараёнлар натижаларида ҳам кўринди. Жумладан, шу куни соат 15:00 га қадар чироқчиликларнинг 118 минг 544 нафари ёки 55,8 фоизи овоз бериб бўлди. Сайлов кодексига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади.

Касби туманидаги 836-сайлов участкасига Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари - германиялик Фрейд Фабио ҳамда Буюк британиялик Робин Селлерс келиб, сайловчилар ва комиссия таркибидаги хотин-қизлар сони билан қизиқишди. Шу билан бирга, муддатидан олдин овоз берганлар (13 нафар), партиялардан кузатувчилар қатнашаётгани, сайловчилар орасида паспортсиз овоз бериш учун мурожаат қилганлар бор ёки йўқлиги масалалари ҳам уларнинг эътиборида бўлди.

Халқаро кузатувчилар овоз бериш кабиналари, сайловчиларга берилаётган бюллетенлар ҳамда сайлов қутиси муҳрини кўздан кечиришди ва сайлов халқаро ҳуқуқ меъёрлари даражасида ўтаётганини эътироф этишди.

Эрта тонгдан шаҳрисабзликлар ҳам юксак ишонч ва масъулият билан белгиланган сайлов участкалари томон йўл олишди. Шаҳрисабз шаҳрида 35 та, туманда эса 24 та сайлов участкалари мавжуд бўлиб, ягона электрон рўйхат бўйича ҳудудда 128 минг 886 нафар сайловчи рўйхати шакллантирилган.

Тумандаги 10-умумий ўрта таълим мактаби биносида жойлашган 622-сайлов участкаси овоз берувчилар билан гавжум бўлди. Қизғин ва кўтаринки руҳда бошланган жараённи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бюроси кузатувчилари - германиялик Венер Елена Лопес ва чехиялик Якуб Кейрх кузатиб борди. Улар сайлов участкасида тиббий хизматнинг ташкил этилгани, сиёсий партиялар ва маҳаллий кузатувчилар фаолиятига эътибор қаратишди.

Сайлов кодексининг 51-моддасига мувофиқ, соат 20:00 да вилоятимиздаги барча сайлов участкаларида овоз бериш якунига етди. Сўнг участка сайлов комиссиялари аъзолари ва кузатувчилар иштирокида сайлов қутилари очилиб, овозларни санаб чиқиш бошланди.

Марказий сайлов комиссиясининг 22 декабрь соат 21:00 даги маълумотига кўра, сайлов куни Қашқадарё вилоятида жами рўйхатга олинган  1 миллион 799 минг 740 нафар сайловчининг 1 миллион 357 минг 4 нафари ёки 75,4 фоизи овоз беришда иштирок этишди. Уларнинг сайловларда қатнашиб, ёрқин ва фаровон ҳаётимиз учун овоз беришгани конституциявий ва фуқаролик бурчини, Ватанимиз тақдири ва келажаги олдидаги масъулиятини чуқур англашидан далолатдир.

Дастлабки натижаларга кўра, вилоятимиздаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 14 та сайлов округининг 11 тасида депутатлар сайланган. Қолган учтасида эса такрорий сайлов ўтказилади.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!