Меню
Қашқадарё
ЁПИҒЛИҚ ҚОЗОН ЁПИҚЛИГИЧА ҚОЛАВЕРСИНМИ?
Коронавирус ва биз
Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам, мана 4 ойдан ошиқ вақтдирки, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши кураш олиб борилаяпти. Бу борада тиббиёт ходимлари, карантин чекловларига риоя этилишига масъул этилганлар хизматларини, шунча вақтдан бери маошсиз, даромадсиз қолаётган бўлса-да, белгиланган қоидаларга амал қилиб келаётган кўплаб юртдошларимиз сабр-бардошини алоҳида эътироф этиш керак.
Биласиз, вилоятимизда шу кунгача расмий маълумотларга кўра 500 га яқин киши касаллик юқтирди, 363 нафари тузалиб чиқди ва афсуски 2 киши шу касалликдан вафот этди. Вазият барчадан ҳушёр бўлишни, карантин қоидаларига қатъий амал қилишни тақозо этмоқда. Риоя қанчалик қатъий бўлса, вирусни енгиш шунча осон бўлишини бугун кўпчилик тушуниб етди, етаяпти.
Айни дамда вилоятда коронавирус билан боғлиқ вазиятни кузата туриб, айрим саволлар, мулоҳазалар ҳам юзага келаяптики, шу ҳақда фикрлашиш фойдадан холи бўлмайди назаримда.
Айтилдими, йўқми?
Бир неча кун олдин расмий каналларда "Нишонда коронавирус юқтирган бемор вафот этдими? Тез орада хабар берамиз" мазмунида хабарлар тарқалган эди. Шундан кейин ўша хабар берилдими-йўқми, шуни билолмай алағда қолдик-да.
Кўча-кўйда вирус юқтирган одамлар сони анча кўплиги, нишонлик киши ҳам коронавирусдан вафот этгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинаяптию (ҳар ҳолда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тизимида ишлайдиганлардаям тил бор, улар ҳам қудуқ эмас ҳамма нарсани ичига ютадиган), Соғлиқни сақлаш вазирлиги бераётган маълумотлар ишончсизга ўхшаб қолаяпти.
Мисол учун, вазирлик вилоятда коронавирусдан дастлаб вафот этган китоблик киши жигар циррозидан азият чекиб келгани, ёндош касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълумот берди. Бироқ бемор "ёндош касалликдан вафот этган" бўлса-да, Китоб тумани "қизил" тоифага ўтказилиб, карантин назорати кучайтирилди.
Қизиқ-да, бемор бошқа касалликдан "кетган" бўлса, туман нега карантинга олинди?
Вақт ўтиб маълум бўлдики, бемор ўлимига айнан коронавирус сабаб экан, шунинг учун 70 дан ортиқ киши шифохонага ётқизилган, юзлаб киши уйда карантин муддатини ўтаган бўлиб чиқди.
Қарангки, ишончсиз хабар тарқатган вазирлик бу ёлғонига ҳеч қандай изоҳ бермади. Ана шундай иш услуби бугун ҳам давом этмаяпти деб ким кафолат бера олади?
Чегарадан ким ўтказган эди?
Энди ўша китоблик бемор вирусни қандай ва қаерда юқтирганига тўхталсак.
Айтишларича, фуқаро Н.О. 2020 йилнинг 10 апрелида Қозоғистонга кетиб, 9 майда юртимизга қайтиб келган экан. Тошкентда (балки ундан аввалроқ) унда касаллик аломатлари кузатилган ва уйга келиб жони узилган...
Айни ҳолатда ҳам бир саволнинг жавоби очиқлигича қолиб кетди: Ўзбекистонда 27 мартдан вилоятлараро ҳаракатланиш барча транспорт воситалари учун тўхтатилган, зарур бўлмаган ҳолларда фуқароларнинг уйдан чиқмасликлари қатъий талаб қилинган бир чоғда Н.О. қандай қилиб Қозоғистонга бориб келди? Ҳатто биргина вилоят марказига туташ ҳудудда яшайдиганлар Қарши шаҳрига кириб-чиқолмаган бир шароитда китоблик киши бир неча вилоятлар ҳудудидан, улардаги ўнлаб, юзлаб постлардан ўтиб, чет элга чиқиб кетишнинг қандай уддасини қила олди?
Табиийки, бир одам чет элга чиқиб кетаркан, уни назардан четда қолдиришнинг имкони йўқ, айниқса, карантин шароитида. Яна денг карантиннинг энг қаттиқ палласида. Демак, йўл-патруль хизмати ходими, блок-постларда турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари Н.О. нега ва қандай сабаб билан Қозоғистон сари отланганини яхши билиша(р)ди.
Демак, масаланинг ечими айнан шуларга боғлиқ. Аммо бу борада ҳам "Туя кўрдингми, йўқ" қабилида иш тутилди. Ҳар ҳолда ҳатто у тумандан бунисига қатнов чекланган шароитда бир киши бемалол қўшни давлатга бориб-келгани учун чегарага масъул мансабдор ё ходим жазолангани ҳақида эшитмадик.
"Бу сизларга майнавозчилик эмас..."
Кейинги вақтларда коронавирус хавфини одамлар янада чуқурроқ ҳис қилсин деган илинжда айрим шифокорлар ўзи фаолият кўрсатаётган муассасадаги аҳвол, беморлар ҳолатини видеога олиб, интернетда эълон қилаяпти. Хавфдан огоҳ бўлишда бундай лавҳаларнинг аҳамияти катта эканини ижтимоий тармоқларда уларни томоша қилган кишилар сонидан, ёзган изоҳларидан билса бўлади. Демак, буям қайсидир маънода самарали.
Куни кеча вилоятдаги шифохона дўхтири ҳам шундай видео чиқарди. Сўзлашидан содда, самимий, беморларга ичи ачиётгани билиниб турган дўхтир карантин қоидаларига амал қилишни, "бу майнавозчилик эмас"лигини таъкидларкан, кислороддан узиб қўйилса, 1 минутда ҳаёт билан видолашадиган бир беморни, кислородсиз 20 секунддан нарига ўта олмайдиган ҳомиладор аёлни кўрсатди. Айни пайтда она ва бола саломатлигини асраш йўлида ҳаракат қилинаётганини айтди.
Озгина тушунчаси бўлган одамга касаллик ҳақида хулоса чиқаришга шунинг ўзи кифоя эди, аммо дўхтир янаям ишончли чиқсин дебми, мана ҳозир кислородни камайтириб турамиз, ўзгариш бошланади, деб қолса бўладими?! "Мана, юрак уриши тезлашди, безовталик бошланди", дейди яна.
Эй, барака топгур, ўзи ҳомиладор бўлса, яна 20 секунд кислородсиз қолса тамом бўладиган беморнинг устида "тажриба" ўтказиб нима қиласиз? Билдик, тушундик, вазият оғир, беморлар қийналаяпти. Лекин бунинг учун ҳомиладор аёлни аппаратдан узишнинг нима кераги бор? Майли, тарғибот қилайлик, лекин бу кимнингдир аҳволини янада қийинлаштириш эвазига бўлмасин...
Бало борми? Ҳа, ҳозир фақат бало бор!
Шу йилнинг 17 июль куни Китоб тумани ҳокимлигининг телеграмдаги каналига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Китоб туманига келгани ҳақида хабар жойлаштирилди, суратлари ҳавола этилди.
Масъул ходим тумандаги бир неча раҳбарлар ҳамроҳлигида Бўстон, Обод, Қўшдарё, Варганза ва Башир маҳаллаларида "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" шиори остида амалга оширилаётган ишлар билан танишибди.
Ўйлаб қоласан киши: ҳозир энг кўп касаллик пойтахтда аниқланаётган бўлса, бутун мамлакат ҳудуди "қизил" тоифага ўтказилган ва ички қатновлар бекор қилинган бўлса, йиғилиш ўтказиш ва яна алламбало ўрганишлар онлайн кўринишда давом эттирилиши айтилсаю, вирус ўчоғидан бир масъул келиб, "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" деган ният билан қилинган ишларни ўрганса? Нима, шуни пойтахтда туриб, онлайн равишда ўрганишнинг иложи йўқмиди? Тумандаги ўзи ишонган одамларга айтса, керакли сурат ва видеоларни ташлаб бермасмиди? Ташлаб берарди албатта.
Шундай экан, вазирлик ходими нима қилади ўзиниям, бошқаларниям хавф остида қолдириб? Қолаверса, ҳозир одамларга жонажон юрти ободлигидан кўра, жонининг омонлиги муҳимроқ-ку.
Уларга вирус юқмайдими?
Мажлис, йиғилишлар ўтказиш тақиқланган бўлишига қарамай ҳали у ерда, ҳали бу ерда турли мазмундаги, одамлар бир-бирига тиқилишибгина ўтирган тадбирларга кўп гувоҳ бўлаяпмиз.
Тиббиёт ниқобини номига, шунчаки жарима тўламаслик умидида иягига илдириб қўйганларни нафақат оддий кишилар, балки масъул шахслар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари орасида ҳам кузатаяпмиз.
Яқинда халқ депутатлари Миришкор тумани Кенгаши депутатлари ҳамда туман ИИБ ҳамкорлигида дорихоналарда нархлар сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида тадбир уюштирилгани ҳақида маълумот берилди. Тадбир давомида дорихоналарда карантин қоидаларига риоя этилиши ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этувчи жиҳатларни бартараф этиш бўйича тушунчалар берилибди.
Қарангки, тушунча берадиган одамнинг ўзи тушунчага муҳтож экани суратлардан кўриниб турибди: маска бурундан пастда, гўёки вирус бошқа йўл орқали юқади ёки назоратчиларга юқмайди, деб ўйлашади чамаси. Бунга қараб, аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ, деган нақл беихтиёр ёдга тушади...
Ўнг қўлинг берганини...
Муқаддас китобларда яхшиликни ошкора ва пинҳон қилишга буюрилади. Ошкораси ибрат учун, пинҳони ўзингиз учун...
Аммо яхшилик, савоб иш ошкора қилингандаям маълум чегара бўлиши керак. Ўша чегарадан ўтиб кетса, яхшиликнинг фазли қолмайди, нафи камаяди.
Хабарингиз бор, пандемия шароитида эҳтиёжманд, қийналиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, пул, чорва моллари, зарур буюмлар етказиб берилаяпти. Бу жуда яхши, қийин дамда ёрдам қўлини чўзганга нима етсин.
Аммо...
Саховатпеша инсонлар! Бировникига бир нарса элтаётган экансиз, ўша нарсани олаётганларнинг суратини берманг, илтимос. Бу улар учун нақадар оғирлиги, нақадар камситилиш эканини ўйлаб кўринг. Эътибор бергансизми, ёрдам кўрсатилган хонадон эгалари хижолатдан ер чизиб туради. Албатта, сиз чўзган мадад қўлидан эмас, уни суратга олиб, дунёга дастурхон қилаётганингиздан...
Ҳаммадаям ғурур бор, ўзи ҳақида "Фалончиникига тўртта картошка, бир литр ёғ билан икки пачка туз олиб келишибди" деган муҳокамалар бўлишини ҳеч ким истамайди.
Айрим тадбиркорлар бир неча юз миллионлаб маблағини хайрия мақсадида йўналтириб турган бир чоғда, "Биз ҳам шу ишлардан четда қолмайлик" деган умидда юрган номи улуғ, супраси қуруқ ташкилотлар! Арзимаган майда-чуйдани кўтариб бориб, гўё бир ишни қотириб қўйгандай ғўддайиб суратга тушишни бас қилинг! Кўмакка муҳтож оиладан "реклама"нгиз йўлида фойдаланмасангиз, шунинг ўзи мақтовга арзирли иш!..
"Қизил"у "яшил"дан фарқи йўқ ҳисоби
Тунов куни Қарши шаҳридаги "торговка" деб аталадиган томондан ўтарканман, манзара ҳайратланарли эди. Карантин бўлса, тинчгина уйда, ишхонада ўтирайлик, деб кўчага чиқмай юраверган эканмиз. Кўча тўла машина, одамлар гавжум, китоб, буюм дўконлари, пайнетлар ишлаяпти, қассоб гўштини, балиқчи балиғини пуллаяпти, сал нарида музқаймоқ...
Албатта, ҳаёт ўз маромида давом этгани яхши, лекин чеклов жорий қилиндими, амалдаям бу рўёбини топиши керак-да.
Бизда негадир карантин кучайтирилса, машиналар қатновига асосий эътибор қаратилади. Пост ёнигача машинада келасиз ва тушиб яна йўлда давом этаверасиз. Вирусни машина эмас, одам ташишини наҳотки тушунишмаса?!
Кучайтирилган режим якунланишига ҳам бир ҳафта вақт қолаяпти. Хўш, қатъий режим нималарни ўзгартирди? Белгиланган талаблар касаллик занжирини узишда қўл келдими ўзи? Ё яна узайтириладими? Бунисини вақт кўрсатади.
Юқоридаги мулоҳазалар эса бугунимизнинг кичик бир акси эди, холос.
НАСРИДДИН