Меню

Қашқадарё

27.11.2018 2136

ЁПИҒЛИҚ БАНКА ЁПИҒЛИҒИЧА ҚОЛАВЕРСИН...

Аниқланишича, беморлар овсинлар экан. Улар уч кун аввал 1,5 литрли шиша банкадаги “помидор+булғор қалампири+кўкат+саримсоқ” аралашмали консерва маҳсулотини очиб, таъмини билиш учун еб кўришади ва айниган гумон қилиб, тўкиб ташлашади. Сўнг худди шундай иккинчи банкадаги (помидор+булғор қалампири+карам+саримсоқ) маҳсулотни очиб, “шунча меҳнат, харажат қилиб ёпганмиз, увол бўлмасин, ҳеч нарса қилмас” қабилида истеъмол қилишади.

25 октябрь куни беморларда нафас етишмовчилиги, кўзига жисмларнинг иккита бўлиб кўриниши, қайт қилиш, ҳолсизланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, ютиниш ва гапириш қобилиятининг бузилиши ҳамда қорин соҳасида оғриқ кузатилган. Бундан ташқари, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиб, юришга қийналиб қолишган.

***

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ботулизм микроби озиқ-овқатларда кислородсиз муҳитда кўпаяди. Чунки уй шароитида консерва тайёрлаш учун етарлича технология мавжуд эмас, санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмайди. Бу эса ботулизм микроби кўпайиши учун айни муддао.

Шифокорлар консерваларни уй шароитида тайёрлашдан, кўча-кўйда нотаниш кишилардан, ноқонуний савдо тармоқларидан сифат сертификати бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишдан тийилиш ҳақида кўп гапиришади. Шунингдек, байрам ва тўй дастурхонларига тортиқ этиладиган турли консервалар, қандолат ва бошқа тез айнувчи маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёни, ташиш ва сақлаш талабларига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлашади.

Статистик маълумотларга эътибор қаратсак, ўтган йилда вилоятимизда 36 нафар киши ботулизм ва қўзиқориндан заҳарланган бўлса, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу касаллик билан 34 нафар кишининг оғригани аниқланган. Улардан бири вафот этган.

Кўпчиликда савол туғилади, ботулизмни қандай аниқлаш мумкин? Энг аввало, етарли тажрибангиз бўлмаса, консерваларни уй шароитида тайёрлай кўрманг! Мева-сабзавотлардан тайёрланган консерва банкаларини очишдан олдин уни чайқамасдан, яхшилаб кўздан кечириш, банкадаги суюқлик тиниқлигига, ичидаги маҳсулот эзилмаганлигига эътибор бериш лозим. Агар консерва банкаси қопқоғи шишган, очилган бўлса, бундай маҳсулотни истеъмол қилиш тақиқланади. Агар сизда шубҳа уйғонса, асло “ҳеч нарса қилмас”, дея ўзингизни алдаманг, банкадаги маҳсулотнинг баҳридан ўтинг...

Агар сизда, ё яқинларингизда юқоридаги беморлар ҳолатига ўхшаш белгилар пайдо бўлса, ёки бирор нохушлик сезсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Бундай пайтда ўзбошимчалик билан даволаниш қатъиян ман этилади.

...Чироқчилик овсинлар ёзда заҳмат чекиб қилган меҳнатларидан кўз юмиб бўлса-да, қолган “банка”ларни нима қилишни яхши билишади энди... 

Ортиқ АМИНОВ,

вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази овқатланиш гигенаси бўлими мудири    

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!