Меню
Қашқадарё
ЁМҒИР ЧАҚИРУВЧИ ОДАМ
МАРҲУМНИНГ РУҲИ
Донни Декер Пенсильвания штатидаги кичкина шаҳар - Страсбургда туғилиб ўсди. Отасини эслай олмайди: у фарзанди туғилиши биланоқ оиласини ташлаб кетганди. Донни ва онаси нафақат ўз қизи, балки бутун округдаги одамлар ҳайиқиб турадиган ҳукмфармон, қаттиққўл бобосининг уйида яшарди. Атрофдагилар чолни инсу жинсларга алоқаси бор ва шунинг учун жаҳлини чиқарган одамга бемалол бирор зарар етказа олади, деб билишарди. Онаси Доннининг тарбиясига кўпам бош қотиравермасди, ўғлини у қадар яхши кўрмасди ҳам. Бола на онасининг, на бобосининг меҳрини туймас ва кўп вақтини Страсбург кўчаларида ўтказарди. Охир-оқибат кўча безориларига қўшилиб қолгани, ўғирликда айбланиб, суд курсисида ўтиришга мажбур бўлгани ҳайрон қоларли ҳол эмасди. Декер бироз муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
Бу вақтда унинг бобоси оламдан ўтади ва қамоқхонадан Дональдга дафн маросимида қатнашиши учун бир-икки кунга рухсат беришади. Тўғри, ўзи яхши кўрмаган бобосининг ўлими ҳақидаги хабарни йигит хотиржам қабул қилди. Қабристонда эса юзидаги ғамбодалик ифодасини зўрға сақлаб тура олди. Лекин кутилмаганда унинг аҳволи ёмонлашди: бошини гўё темир чамбарак қисаётгандек ва миясига аллақандай ғайритабиий куч жойлашиб олгану бобосининг овози билан Декерга таҳдид қилаётгандек туюларди. Кейинчалик Донни марҳум бобосининг руҳи ўзига кўчганини тушунди.
КЕЙФЕРЛАР УЙИДАГИ ТЎС-ТЎПОЛОН
Йигит бу ҳолатга дош беролмади ва дафн маросимининг тугашини ҳам кутмасдан қабристондан уйга жўнади. Онаси унга уйдан кўчага чиқишни тақиқлаган бўлса-да, Донни дўстлари Боб ва Женни Кайферларнинг уйига йўл олади. Улар маҳкумни уйга киритишдан қўрқмасдилар, чунки йигитни ёшлигидан яхши билишар ва шунчаки тўғри йўлдан адашган бола, деб ҳисоблашарди. Мўл-кўл кечки овқатдан сўнг ҳаммалари телевизор кўриш учун меҳмонхонага ўтишди. Виски шишаси очилди. Сўнг фалокат босиб, Женни меҳмонга ҳамдардлик изҳор эта бошлади. У марҳумни энг беозор, бегуноҳ одамдай тилга оларди. Шу чоғ Дональд умуртқасини музлатиб қўйган совуқликни ҳис этди. Хона ҳам тўсатдан совиб кетди. Кейин эса йигитни тутқаноқ исканжага олди, танаси ёйдай эгилиб, оғзининг четида кўпик пайдо бўлди, кўзлари нурсизланиб қолди. Шу аснода яна бир ғайритабиий иш содир бўлди: шифтдан сув томчилай бошлади, томчилар борган сари катталашиб, ҳақиқий шаршарага айланди. Энди сув оқими деворлардан ҳам кира бошлади. Сув қаердан пайдо бўлди? Уй бир қаватли бўлиб, том устидан сув қувурлари ўтмаганди. Ёмғирмикин? Лекин уй томи бутун, бундан ташқари, бу пайтда февраль ойи ва ҳаво совуқ эди.
Боб барибир чордоққа чиқиб, ҳамма нарса қуруқлигини, ҳеч қандай тошқин йўқлигини кўради. Шунда у уй эгаси жаноб Рон Ванга қўнғироқ қилади. У рафиқаси Ромейн билан бирга дарҳол етиб келади. Кўрганларидан ларзага тушган уй соҳиби эҳтимол, бу ғалати ҳодисанинг сабабини аниқлашга ёрдам беришар, деган мақсадда полицияга хабар беради. Тезда воқеа жойига икки нафар полициячи - Жон Баужен ва Ричард Уолберт етиб келади. Бу пайтда шифтдан тушаётган ёмғир тўхтаган, аммо сув оқими энди горизонтал йўналишда - девордан деворга уриилиб катта тезлик билан оқа бошлаганди. Хонани бутунлай туман қоплаб олган эди. Ичкарига кирган полициячилар лаҳза ўтмай бошдан-оёқ шалаббо бўлишди. Улар хона ўртасида ҳайратдан кўзлари олайганича туриб қолишди. Ҳушларини тўплаб олгач, полициячилар эр-хотин Кайферлар ва бироз ўзига келиб қолган Доннига уйни тарк этиш ва қўшни пиццахонани кўздан кечиргунларига қадар сабр қилишни таклиф этишади. Тошқиннинг бирор аломати сезилмайдиган қўшни хоналарда кийимларини алмаштириб олган Боб, Женни ва Дональд йўлнинг нариги томонидаги пиццахонага киришди. Рон уйига қандай бало ёғилганини билиш учун полициячилар билан қолди. Дональд уйни тарк этиши билан сирли ёмғир тўхтади ва меҳмонхона ҳарорати ўз ҳолига қайтди.
ПИЦЦАХОНАДАГИ ЁМҒИР
Боб, Женни ва Дональд энди стол ёнига ўтиришлари биланоқ Доннини яна тутқаноқ тутди. Ва бу ерда ҳам худди аввалги ҳодиса юз берди: шифтдан сув туша бошлади. Уйларидаги воқеанинг ҳақиқий айбдори ким эканини Боб шундагина англаб етди. У пиццахона хўжайини Пэм Скрофанога бир амаллаб вазиятни тушунтирди. Доннининг хира тортган кўзларига қараб, Пэм бу ерда қандайдир сир борлигини англайди. У касса ёнидаги деворга илинган бутни олиб, йигитнинг қўли устига қўяди. Қўл терисининг темир тегиб турган қисми куя бошлайди. Декер оғриқнинг зўридан додлаганича, бутни ирғитиб юборади ва ўзига келади. Шундан сўнг Пэм бу хавфли мижозларга қатъийлик билан ошхонадан чиқиб кетишни буюради. Улар кетиши биланоқ ёмғир тўхтайди.
ШАЛАББО ПОЛИЦИЯ БОШЛИҒИ
Уйга қайтишган эр-хотин Кайферлар ва Дональд меҳмонхонада фақат Рон ҳамда рафиқасини учратишди, полициячилар ўз жойларига қайтишганди. Хона қуп-қуруқ, боягина юз берган ҳодисанинг ҳатто изи қолмаганди. Шундай бўлса ҳамки, Ромейн Дональдни афсунгарлик ва гипноз қилишда айблаб, ёзғиради. Ва йигит яна ғалати аҳволга тушди. Меҳмонхонадаги стол устида турган қадаҳлар, санчқи ва ликоплар уча бошлади, идиш-товоқ қўйилган столча ҳавога кўтарилди, ошхонада эса кастрюль ва товалар ерга гурсиллаб тушди. Дональднинг танаси ердан бир неча дюйм юқори кўтарилди ва сирли бир куч уни хона бўйлаб у ёқдан бу ёққа айлантира бошлади. Кейинчалик Декернинг бўйнидан учта катта тирноқ изини топишди.
Қўрқиб кетган уй эгалари яна полиция чақиришди. Бу сафар аввалги полициячилар бошлиқлари Жон Рандл билан бирга келишди. У меҳмонхонага кириши билан худди ёнғинга қарши сув насосидан отилиб чиқаётгандек девордан оқаётган шиддатли сув оқимига дуч келди. Буни кўргач, полициячилар бу масалани ҳал этиш уларнинг эмас, сантехникларнинг вазифасига киришини айтганларича, жуфтакни ростлаб қолишга ошиқдилар.
ЭКЗОРЦИЗМЧА УРИНИШ
Ҳеч нарсага қарамасдан Кайферлар юз берган воқеалардан қўрқиб қолган ва нима бўлаётганини тушунолмаётган Дональднинг тунаб қолишига изн беришди. Тун осуда ўтди. Эртасига уйга бир черков руҳонийси келди. Уни "Дональдни шайтон ўз измига солаяпти", деган хулосага келган Рон Ван экзорцизм (иблис ва ёвуз руҳларни қувиш илми) сеансини ўтказиш учун чақирганди.
Дин пешвоси эндигина дуо ўқишни бошлаган ҳам эдики, яна хона ҳарорати бирдан совиб кетди ва ёмғир ёға бошлади. Дональд бўлса тишларини ғижирлатиб, ерда узала тушганича, тутқаноқ исканжасида ётарди. Руҳоний ўз тадбирини давом эттирган сари жала томчиларга айланиб, аста-секин тина бошлади, сўнг бутунлай ғойиб бўлиб, фақат совуқ ҳарорат ўзгармай қолди. Дональднинг аҳволи эса яхшилана борди. Афтидан, иблис уни даҳшатли чангалидан озод қилганга ўхшарди. Донни Кайферлар уйида меҳмон бўлган кейинги кун тинч ўтди.
ҚАМОҚДАГИ МЎЪЖИЗА
Бу орада Декернинг таътили тугаб, яна қамоқхонага қайтишига тўғри келади. Унинг бошидан ўтган ҳайратланарли ҳодисалар ҳақида эшитган хонадошлари Доннини камерада ҳам ёмғир ёғдиришга чақира бошлашди. Охир-оқибат Дональд рози бўлди: у бутун диққатини бир ерга тўплади ва камера деворидан сув отилиб чиқа бошлади. Унинг шериклари шовқин сола бошлашди ва қоровуллар югуриб келишди. Улар Декерни деворга чаноқдаги сувни сепганликда айблаб, калтаклай бошлашди. Донни ва бошқа маҳбуслар бу ишни у ўз ихтиёри билан қилмаётганини тушунтиришга беҳуда уринишди, уларни ҳеч ким тингламади. Декерни карцерга ташлашди.
Турма бошлиқларидан бири - лейтенант Дэвид Кинхолд маҳбуснинг ҳайратланарли иқтидори ҳақида эшитиб қолди ва йигитни чақириб, ўзининг кабинетида ёмғир ёғдиришни буюрди. Нима ҳам қилиб бўларди? Лейтенант стол ортида хотиржам ўтираркан, атрофини бирдан туманли булут қоплай бошлади. Тез орада у бош-оёқ шалаббо бўлди.
Шундан сўнг лейтенант Кинхолд католик руҳонийси Уильям Блекбернни чақиртиради. У черковдаги руҳонийга қараганда тажрибалироқ экзорцист бўлиб, "шайтонни қувиш" маросимидан сўнг Дональд Декер тинчиб, анча енгил тортди.
Турмадан озод бўлгач, Донни қандайдир ресторанга ошпаз бўлиб ишга кирди. У ҳақида бошқа бирор маълумот маълум эмас. У ўзидаги ғайритабиий иқтидорни асраб қололдими, ёмғир чақирувчи одамлигича қолдими? Бу фақат худога аён...
Муаллиф: Валерий НИКОЛАЕВ.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.